Тирилиш. Лев Толстой
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Тирилиш - Лев Толстой страница 18
– Савдогар Смельковнинг номерида судланувчи қанча вақт бўлганини билишни истардим.
Масловани яна қўрқув босди. У гоҳ прокурор ёрдамчисига, гоҳ раисга кўз югуртириб, шошиб-пишиб жавоб берди:
– Қанча вақт ўтгани эсимда йўқ.
– Судланувчи савдогар Смельков ёнидан чиққач, меҳмонхонада бирон жойга киргани эсида йўқмикан?
Маслова ўйлаб кўрди.
– Ёнма-ён жойлашган бўш номерга кириб эдим, – деди у.
– Нега кириб эдингиз? – деди прокурор ёрдамчиси берилиб кетганидан тўғридан-тўғри Масловага мурожаат қилиб.
– Уст-бошимни ростлаб олиб, извошчини кутдим.
– Судланувчининг ёнида, номерда Картинкин ҳам бормиди ёки йўқмиди?
– У ҳам кирган эди.
– Нега кирган эди?
– Савдогардан финьшампань қолган эди, иккаламиз бирга ичдик.
– Ҳа-ҳа, бирга ичибсизлар-да. Жуда соз.
– Судланувчи Симон билан гаплашганми, агар гаплашган бўлса, нима тўғрида?
Маслова тўсатдан қовоғини солиб олди, қип-қизариб кетди-да, тез-тез гапира бошлади:
– Нимани гаплашибман? Ҳеч нарсани гаплашганим йўқ. Бўлган гапнинг ҳаммасини айтиб бердим, бошқа ҳеч нарса билмайман. Нима қилсангиз қилинг. Менинг гуноҳим йўқ, вассалом.
– Бошқа саволим йўқ, – деди прокурор раисга ва ғайритабиий бир тусда кифтини қисиб, нутқининг матнига судланувчининг Симон билан бирга бўш номерга киргани тўғрисидаги эътирофини ёза бошлади.
Орага сукунат чўкди.
– Айтадиган бошқа гапингиз йўқми?
– Ҳаммасини айтиб бўлдим, – деди Маслова хўрсиниб, сўнгра ўтирди.
Шундан кейин раис қоғозга ниманидир ёзди ва чап томонида ўтирган суд аъзосининг шивирлаб айтган гапини тинглаб, ўн дақиқа танаффус эълон қилди, шошиб ўрнидан турди-да, залдан чиқди. Раис билан чап томонида ўтирган серсоқол, катта, мулойим кўзли аъзо ўртасида бўлиб ўтган маслаҳат шундан иборат эдики, ўша аъзонинг меъдаси бузилган, у қорнини силаб, дори ичиб олмоқчи бўлган эди. У шу гапни раисга айтган ва унинг илтимосига кўра танаффус эълон қилинган эди.
Судьялардан кейин маслаҳатчилар, адвокатлар ва гувоҳлар ўринларидан туришди, муҳим ишнинг бир қисмини бажариб кўнгиллари жойига тушгандай, у ёқдан бу ёққа юра бошладилар.
Нехлюдов маслаҳатчилар хонасига ўтди ва дераза ёнига бориб ўтирди.
XII
Ҳа, бу Катюша эди.
Нехлюдовнинг Катюша билан муносабати қуйидагича эди: Нехлюдов Катюшани биринчи марта университетнинг учинчи курсида ўқиётган маҳалда, ёзда аммалариникига келиб, ерга бўлган хусусий эгалик ҳақида илмий асар ёзиш чоғида кўрган эди. Одатда у ёзда онаси ва опаси билан бирга онасининг Москва ёнидаги катта қўрғонида яшарди. Аммо бу йил опаси эрга тегиб кетди, онаси даволаниш учун чет элга сувга жўнади. Нехлюдов эса илмий асар