Танланган асарлар. Носир Фозилов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Танланган асарлар - Носир Фозилов страница 6
– Йўқ…
– Мана кўрдингизми? Кўрмаган, билмаган нарсани ёзсангиз, ёзган асарингиз қўполроқ қилиб айтганда, ёлғон бўлиб қолади. Тўғри, кўрмай туриб ёзилган асарлар адабиётимизда кўп. Бунинг учун аввал билим, маҳорат, ўткир тасаввур керак. Сизда ҳозир булар йўқ, Албатта, кейинчалик ўсасиз, билимингиз ҳам, маҳоратингиз ҳам, тасаввурингиз ҳам ўсади. Унда ёзсангиз бўлади. Тушунарлими?
Бошимни қимирлатдим.
– Энди, Соғиндиқвой, бундан кейин ёзмайман, деган гапингизга қўшилмайман. Ёзганимни газета чиқармас экан, деб ёзмай қўйсангиз, бу – қўрқоқлик бўлади. Ёзувчи ботир бўлиши керак. Шундай эмасми?
– Ҳеч ҳам қўрқаётганим йўқ.
– Демак, ёзасиз-а?
– Ёзаман…
– Баракалла. Фақат кўрган-билган нарсаларингизни ёзинг. Борми шунақа нарсаларингиз?
– Бор.
– Қизиқми?
– Қизиқ.
– Бўлмаса, ўшалардан биттасини танлаб олиб ёзинг. Ёнингиздан ҳеч нарса қўшманг ҳам, ҳеч нарсани унутиб ҳам қолдирманг. Келишдикми?
– Майли.
– Битгандан кейин менга юборинг, ўзим кўриб бераман.
Эшикдан ойим билан дадам кириб келди. Дадамнинг қўлида битта шиша, ойимнинг қўлида тўғралган бодринг.
– Роса гаплашдиларингизми? – деди дадам кириши билан.
– Гаплашдик, – деди Жўра амаким. – Қаёққа кетдинг?
– Қиттак-қиттак қилайлик энди. Озиб-ёзиб бир келиб қолибсан.
– Э-э… – деди Жўра амаким.
Мен аста ўрнимдан туриб чиқиб кетаётган эдим, Жўра амаким кўриб қолди:
– Соғиндиқ, қаёққа? Овқатланмайсизми?
– Э,– дадам қўлини силтади. – Шу овқат ейдими!
– Жуда чимхўр-эй. Овқат беришдан безиллаб қолибман буларга, – деди ойим куйиб-пишиб. Жўра амаким аста бошини чайқаб кулди. Ҳамон эшик олдида бошимни эгиб индамай турар эдим. Ойим рухсат берди: – Бор, ўйнай қол. Сенга копток бўлса бас.
Аста уйдан чиқиб кетдим…
Ишонсангиз, шу кундан бошлаб, нуқул ёзгим келади. Аммо нимани, қайси кўрган нарсамни? Бошим қотди. Кейин ёзишни ўрганиш мақсадида беш-олтита китоб ўқиб чиқдим. Афсуски, биронтасида ҳам «Мана бундай қилиб ёзгин!» деган гапни тополмадим.
Ўша китоблар орасида менга биттаси жуда ёқди. Менга ўхшаган бир қозоқ боласи «Менинг исмим Хўжа» деган яхши китоб ёзибди. Ўша китобни ўқиб, ўтган йили ўз бошимдан ўтган бир қизиқ воқеа эсимга тушиб кетди. Ҳа, айтгандай, сизга бир ҳунаримни айтишни унутибман: мен фотографлик ҳам қиламан. Ишонмасангиз мактабимизга келинг. Мен олган суратларни ўз кўзингиз билан кўрасиз. Каттакон фотогазета қилганмиз. «Овчилар» деган мавзуда. Мактабимизда ҳалиям осиқлик турибди. Рост. Ўзимда ўша суратлардан битта-битта нусха бор. Альбом қилиб қўйган эдим. Бир чеккадан кўриб, хотираларимни янгиладим. Ниҳоят, шу воқеани