Танланган асарлар. Носир Фозилов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Танланган асарлар - Носир Фозилов страница 10
Ўҳ-ҳў, бирпасда Асетнинг ҳамма қилиқларини айтди-қўйди: бувисининг сўзига кирмаслиги борми, аллақаёқларга санқиб кетиши борми, синглисига кун бермаслиги борми… Қўйинг-чи, инжиқлик қилиб овқат емаганигача!.. Билишимча, у шунинг учун индамай келяпти.
Мен яна атрофни томоша қила бошладим: узоқ-узоқларда қандайдир япасқи, пастак уйлар қорайиб кўринарди. Асетдан сўрадим:
– Бу атрофда ҳам бошқа овуллар борми?
– Бор.
– Қанақа?
– Бизнинг овулни Муйтен овули, дейишади. Бундан уч-тўрт чақирим нарида Думалоқ кўл бор. Кетгунингча олиб бориб кўрсатаман. Ана ўша кўл бўйида Қабасин, Ашамайли, ундан ҳам нарида Қоракесак овуллари бор. Одамлари балиқчилик қилади.
– Ҳалиги айтган Думалоқ кўлга сув қаёқдан келади?
– Дарёдан қуйилади.
– Дарё Орол денгизига қуйилмайдими?
– Қуйилади.
– Қандай қилиб?
– Амударё Орол денгизига яқинлашганда уч-тўртта тармоққа бўлиниб кетади. Ана шу тармоқларидан бири Қипчоқ дарё, яна бир Қуна дарё, учинчиси Оқдарё, бизнинг овулимиз ўша Оқдарёнинг бўйида.
– Дарё овулдан узоқми?
– Йўқ. Икки чақиримча бор. Ҳар куни бориб келамиз…
– Чўмиласизларми?
– Ова. Ёзда.
– Балиқни қаёқдан овлайсизлар?
– Дарёдан ҳам, кўлдан ҳам. Ҳозир денгиздан овлашади. Дарёда ҳали муз бор.
Асетнинг қовоғи боягидан сал очилай деди. Овулга етиб келдик. Олдимиздан Асетнинг ити чиқди. Чена атрофида гир айланиб чопади. Ростини айтсам, тушишга қўрқдим.
– Қўрқма, эркаланяпти-ку, – деди Асет тиржайиб. Аста ченадан тушдим. Ҳайтовур индамади. Ёнимга келиб этакларимни ҳидлаётган эди, Асет бақириб берди: – Бўрибосар, тур йўқол!
Ит жуда қўрқоқ экан. Думини қисиб, бир менга, бир Асетга мўлт-мўлт қараб бостирманинг тагига кириб кетди. Асет отни ченадан чиқара бошлади. Мен икки қўлимни чўнтагимга солиб, нарироқдан Асетларнинг уйини, овулини томоша қилдим.
Уйнинг шундай ёнгинасида алоҳида ёғочдан қазноқ қилиниб, тузланган балиқлар осиб ташланган. Сап-сариқ. Кўриб оғзим сув очиб кетди. Худди қовун қоқига ўхшаб турибди.
– Соғиндиқ!
Орқамга ялт этиб қарасам, Асет.
– Юр, чой ичамиз.
Уйга кирдик. Кеча кечқурун тузуккина кўрмаган эдим. Асетнинг бувиси жуда меҳрибон кампир экан. Гиргиттон бўлиб, атрофимизда айланиб юрибди.
– Келдингларми, чироқларим, ўтиринглар, ҳозир сўк ошим ҳам пишай деб қолди. Ҳой, Асетжон, меҳмон болага балиқ олиб кириб бер, тансиқ, есин!
Асет ўрнидан туриб нариги хонага кириб кетди. Кампир қозон-товоқ билан овора. Мен уй ичига разм солдим. Буни қаранг, ташқаридан қараган одам, булар жуда камбағал туришар экан, деб ўйлаши мумкин. Йўқ, сира