Танланган асарлар. Носир Фозилов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Танланган асарлар - Носир Фозилов страница 8
– Агар ундай бўлса, майли, бориб кела қолсин, – деди Маҳфуза жиддий. – Бироқ тағин бир гап бор.
«Қандай гап?» дегандай, ҳамма унинг оғзига тикилди. У бироз сукутдан сўнг, худди катталардек оғир гап бошлади:
– Ҳали қиладиган ишлар жуда кўп. Масалан, ўлкани ўрганиш, фотогазета чиқариш, жонли тўгарак ташкил этиш… Менинг бир таклифим бор.
– Қанақа таклиф?
– Ҳаммага маълум, Соғиндиқ туппа-тузук суратчи. Фотоаппаратини олиб кетса, битта фотогазетага етарли сурат ҳам олиб келиши мумкин.
– Жуда тўғри таклиф.
– Яша, Маҳфуза! Шундай қилинса, ҳам фотогазета бўлади, ҳам уни томоша қилиб, оз бўлса ҳам Мўйноқ билан танишамиз.
– Ҳа-да!
– Қойил!
– Келишдикми?
– Бўпти.
Гап шу билан тамом бўлди. Болалар ўзаро маслаҳатлашиб, Асет ўқийдиган синф болаларига дўстона хат ёзишди.
Масала ҳал бўлгандан кейин маслаҳатчим кўпайиб кетди.
– Фотоаппаратингни унутма.
– Менда иккита плёнка бор. Эртага олиб келаман.
– Менда ҳам бор.
– Иссиқ кийиниб ол. У томонлар совуқ.
– Асетга телеграмма беришимиз керак, чиқиб кутиб олсин.
Телеграмма бир ҳафта илгари Мўйноққа қараб йўл олди. Мен бўлсам мана энди учиб кетяпман…
Самолётнинг гувиллашидан қулоқларим битиб қолган эди. Учувчилар кабинасидан келишгангина, хушбичим бир рус қизи чиқиб нимадир деди. Эшитмадим. Кабина эшигининг тепасидаги қизил чироқ ёнди. Ҳамма ўтирган жойида камарларини боғлай бошлади. Пастга тушиб бораётганимизни пайқадим. Анча кўникиб қолганим учунми, бу гал осмонга кўтарилаётганимиздек безовта бўлмадим.
Энди бўлса, Нукус аэропорти кассасидан билетимга белги қўйдириб, бир четда турган икки қанотли самолётга қараб келяпман. Олдимда учта-тўртта, орқамда ҳам бир-иккита одам. Ғарч-ғурч қор босиб келяпмиз. Соат учлар бўлса ҳам кун анча совуқ, қуруқ изғирин эсиб турибди. Кўзларимдан ёш оқиб, олдимга тўғри қараёлмайман. Бир маҳал самолётга яқинлашганда кўриб қолдим, самолётимизнинг ғилдираклари ўрнига чена ўрнатиб қўйилибди. Бунақа самолётни биринчи кўришим. Ҳайрон қолдим. Қанақа қилиб учаркан-а?
Самолётнинг кичкинагина зинапоясига бир оёғимни қўйиб, эшигидан ушлаган эдим, қўлларим темирга чип этиб ёпишиб қолса бўладими! Аввалига ток урди, деб қўрқиб кетдим. Кейин билсам, совуқдан экан. Жонҳолатда қўлларимни эшик тутқичидан юлиб олган эдим, орқамга қалқиб кетдим. Хайрият, орқамда бир чол турган экан, «Эҳтиёт бўл, болам», деб суяб қолди. Ичкаридан кимдир қўлини чўзди. Орқамдаги рюкзак ҳам бир бало бўлди. Ичида унча кўпам нарса йўқ: фотоаппарат, бешта плёнка, кейин фонаримни ҳам олганман. Асетга совға қилмоқчиман. Ойим майда-чуйда совға-салом берган: конфет, печенье, кулча дегандай… Ичимдан киядиган иссиқ кийимларим билан зерикмаслик учун олган уч-тўртта китобим ҳам шунинг ичида… Оғирлик қилганини шу ерда сездим. Орқамдан ҳалиги чол суяб, қўлимдан кимдир ичкарига қараб тортмаганда самолётга чиқиб олишим амримаҳол