Катта хонадон 1. Салом Муҳаммад
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Катта хонадон 1 - Салом Муҳаммад страница 14
– Хай, сиз кўрдизми, ака? – Рауф қайнакасидан сўради: – Сизга маъқулми?
– Менимча, бинойидай йигит: оёқ кийимларни таъмирларкан, кичик дўкончасиям бор. Ўзи тиккан туфлиларниям кўрсатди.
– Э-ҳе, яхши касби боракан, – Одил бобо беихтиёр бош силкиб, мамнунлигини намойиш этди. – Касби бор одам хор бўмайди. Отасиям бамаънидай кўринди.
– Ҳозир рўзғор тебратиш осон эмас, – отасининг гапини илиб, давом эттирди Заҳриддин. – Шаҳарда яшаса, Ҳилола тикувчиликка ўтишиям осонлашади. Аёлга бундан ортиқ нима керак ўзи?
Роҳила секин ўрнидан туриб, ошхонада шўрвага андармон бўлаётган Ҳилола ёнига борди. Синглиси жуда маъюс кўринарди.
– Хафамисан?
– Йўқ, нимага? Келиниздан қутиламану хафа бўламанми, опа? – деб, у кулимсираган бўлди.
– Оқлик олишдан аввал бир учрашиб, гаплашсанг бўларди.
– Қўйинг, шу гапни айтманг, – Ҳилола опасининг сўзини чўрт кесди. – Аввал айтувдим, яна айтаман: сизларга ёққан бўлса, бас, мен розиман.
– Мени дидим билан сеники бир хил эмас-ку, Ҳилол.
– Шарт эмас… – Ҳилола тандир биқинида қатор турган косаларни олди. – Шўрвани сузаман.
– Катта акам яхшилаб суриштиринглар, Ҳилола ўзиям синаб кўрсин, девдилар. Сени қилиғинг одамни хавотирга солади.
– Хавотирланманг, опа, ихтиёрни сизларга ташлаганман.
– Шундай бўлсаям, у билан яшайдиган – сен.
– Барибир ихтиёр ўзимда эмаслигини кўрдиз-ку, опа, – деди у қандайдир ўкинчли овозда. – Энди кўрдим нимаю кўрмадим нима.
– Ҳаа, шу учун кўрмай ҳам, кўймай ҳам дебсан-да. Йўқ, мен буни хоҳламийман, укажон, кейин пушаймонингни кўрмайин. Эртага уни бизани уйга чақирайлик, биир гаплашиб ол, пеълихўйини ўрган…
– Э, қўйинг, бошимни қотирманг. Ўзиз мақтадиз, гапиздан бахт иси келди. Энди бунақа деманг-да.
– Шундайку-я… – Роҳила ғудраниб, жимиб қолди, сўнг яна бош кўтариб, қўшиб қўйди: – Ўзинг танлаганинг яхшимиди…
– Мен энди танлаш чегарасидан ошиб ўтдим, опа.
– Нимаям дердим, сингилжоним, – Роҳила уни қучоқлаганча юзларидан ўпди. – Бахтли бўлсанг, бас, менга шундан бошқа ҳеч нима керак эмас.
8. ОЛОВГА ҚОР ЁҒСА…
“Бош штаб” номини олган ҳовли гавжум – ҳамма яқинлар жамулжам. Катта ака билан аёлию болалари ҳам кеча кечқурун пойтахтдан етиб келишган. Вазиятга кўра улар бир неча кун олдин эмас, бир кунгина аввал ташриф буюришган. Шунда бош ака ёмон хатога йўл қўйганини англаб, кейинчалик жуда афсусланиб юрди… Афтидан, Ҳилола хафа эмасга ўхшарди. Рост, нега хафа бўлсин? Маълум бўлишича, баобрў, ўзига тўқ хонадонга келин бўлиб тушаяпти. Шундай экан, у ҳам бунга муносиб, яхши келинчак эканлигини намойиш этиши табиий ҳол. Бироқ у катта дабдабаю асъаса қилинишини, кўплаб машиналарда қишлоқ ҳамда шаҳар бўйлаб айланишни негадир хуш кўрмади. Шунга қарамай, даврнинг