Катта хонадон 1. Салом Муҳаммад
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Катта хонадон 1 - Салом Муҳаммад страница 11
– Ҳаҳ, ўша ўлгур келиниз Ҳилолага гапини бериб қўяркан-да! Қани ўзи, мен бир гаплашиб қўяй, – Роҳила ўрнидан туриб, эшик сари юрди. Одил бобонинг кўзлари чақчайди:
– Унга бирор нима деб кўр-чи, сани тинч қўяманми!
– Биламан, ота, тинч қўймайсиз, биза ўлиб кетсак ҳам ўшани тарафини оласиз, – Роҳиланинг кўзларидан дувиллаб ёш тўкилди.
– Шуни билсанг, тинч келиб, тинч кетавер, бу рўзғорни лойқалатма.
– Лойқалатмийман, ота, лекин бор лойқани тозалаш керак.
– Нима? Лойқа ким: Карамгулми, Ҳилолами? Балки мандир? – Одил бобо катта қизига юмшоқ оҳангда, замирида қаҳр йўғрилган овозда гапирдики, Роҳила нима дейишини, кўнглидагини билдиролмай жим қолди. Бирпас тараддудланди. Сўнг шоша-пиша ўз гапига тузатиш киритди:
– Йўқ, отажон, ҳеч ким лойқа эмас, фақат лойқаликлар бор. Шуни тозалаш зарур, демоқчиман.
– Бу сани ишинг эмас, қизим, – дея ота дарҳол юмшади. – Буни ўзимга қўйинглар.
– Ҳалиям ўзизга қўйганмиз, ота. Фақат Ҳилолани ёлғизлатмайлик, дейман, отажон. Ахир уям эрка қизиз эди-ку… – Роҳила рўмолчасини олиб, кўзларини артди. – Қаерга кетдийкин, а? Айтгандай, ота, сизга ёғлиқ ҳалво билан ширмой кулча келтирувдим. Чой дамлаб берайми?
– Йўқ, ҳали Карамгул дамлаган чой соб бўлмади.
– Хай, майли, мен Ҳилолани суриштирай-чи, – деб Роҳила ташқарига чиқди. Ҳовлининг у ёқ-бу ёғига қаради. Бирор кимса кўринмайди. У Карамгулнинг хонасига мўралади. Ҳеч шарпа, ҳеч зоғ йўқ. Карамгул қайнатасига ёқиш учун кечадан буён далага эрта отланиб, кечроқ қайтади – ўт-хашак жамғаради. Буни Роҳила тушунади, аммо бирор нима дейишга ботинолмайди. Шуни ўйлаб, қўл силтадию синглисининг қароргоҳи сари юрди. Деразалар берк. Даҳлизга кирди. Одатда Ҳилола олисроққа кетса, хона эшигига қулф осади. Кейинги чоғларда шунақа қилиқ чиқаргани опаларига маълум. Чунки, икки-уч марта хонани очиқ қолдирганида баъзи нарсалари йўқолгани, суриштириб, тополмагани, китобларию айрим буюмлари титкилангани уни шундай йўл тутишга мажбур этган. Ҳозир эса қулф йўқ, эшик зич… Роҳила елка қисиб, тутқичдан аста тортди. Эшик очилмади. Қаттиқроқ тортди, қимир этмади. Қизиқ, ичкаридан қулфлангандай кўринади. Наҳотки Ҳилола шундай қилган?! Кечадан буён уни ҳеч ким кўрмаган. Туни билан ёлғиз қолдимикан? Қоронғуда-я?
Бу ўй унинг ваҳмини ошири, эшикни устма-уст, қаттиқроқ қоқди:
– Ҳилола, уйдамисан? Ҳилола, овоз бер, мен келдим, укажон…
Жавоб йўқ. Роҳила қўрқиб кетиб, ташқарига чиқдию пардалари туширилган дераза ойналарини бармоқлари билан шиддатли урди:
– Ҳилола, овоз чиқар, укажон, қўрқиб кетопман!
– Ҳо-ҳозир, – деган бўғиқ, томоғига бир нима тиқилганнамо овозни у аранг эшитиб, яна даҳлизга югурди, сабрсизлик билан эшик тутқичини зарбли тортди. Шиддатли очилган эшик қирраси пешонасига урилиб, қаттиқ оғриқ туйди. Шунга қарамай, икки қўллаб кўзларини уқалаётган, ярим букик синглисига ташланиб, қучоқлади-да:
– Сенга