Катта хонадон 1. Салом Муҳаммад
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Катта хонадон 1 - Салом Муҳаммад страница 9
– Ҳа, тўғри, – деди у ниҳоят, хўрсиниб олгач, – биз бу конференсиядан кўп нарсалар кутган эдик. Ҳа, Оролни қутқариш, оролбўйи аҳолисига тиббий, моддий ёрдамлар кўрсатишда конференсия жиддий қарор қабул қилади, деб ўйловдик.
– Ақалли масалани кун тартибига қўйишни ҳам раво кўрмадилар. Бу бизнинг халқимизга беписандлик эмасми?
– Унчалик эмасдир, деган фикрдаман, ҳар қалай, ҳеч бўлмаганда, муносабат билдирилсаям кўнгил сал тинчирди. На чора, қўлимиздан нимаям келарди.
– Шундай экан, бошқа миллатлар дардини писанд қилмас экан, нима қилдим бу фирқа сафида қолиб! Бугундан эътиборан унинг аъзолигидан ўзимни соқит деб ҳисоблайман.
– Аризада буни ёзибсиз, – раҳбар қоғозни қўлида тутиб, силкитган бўлди. – Чуқурроқ ўйлаб кўрдингизми?
– Ҳа, роса ўйладим.
– Анави, партбилетини улоқтирганлар билан биргамисиз? – у қаддини тиклаб, киприкларини кўтариб, Нуриддинга синчков назар солди.
– Гап бирга бўлишда эмас, гап – юртимиз такдири, одамларимиз келажаги ҳақида бораяпти, домла.
– Биламан, биламан. Сизни тушундим. Лекин кейин бу ишдан пушаймон емайсизми?
– Йўқ, пушаймон емийман.
– Шундай бўлсаям, аризангизни олинг-да, яна ўйлаб кўринг. Қадамингиз жуда қалтис. Ким билади, ҳали нима воқеалар юз беради. Сал шошилмай турсангиз, ёмон бўлмас. Бу қоғозни ҳеч кимга айтмайман.
Катта олим ҳамда сиёсий раҳбар ёш олимни синаётганмиди ёки аяб, шу маслаҳатни ўртага ташладими, у тезда англолмади. Аммо у шу одамнинг анча дадиллигини, юрагида Нуриддин кабиларга хайрихоҳ эканини яхши ҳис этарди. Бироқ, амалими, обрўсими, фарзандларию неваралари тақдирига салбий таъсир этишидан чўчигани учунми, ошкора ҳаракатдан, Масковдаги баъзи машҳур ижодкорлардай дангал фаолиятдан ҳайиқаётгандай кўринарди. Рости, Нуриддинга ҳам осон эмас. Шамол йўналишини ўзгартирса – қайта қуриш бобидаги гаплар шунчаки ўйин бўлиб чиқса, унга ҳам қийинчиликлар туғилишини сезиб турибди. Ортида отаси, укаю сингиллари, уйда гулдай ёри ва фарзандлари бор-а. Улар азият чекмайди, билганингни қилавер, деб ким кафолат беради? Бир лаҳзалик сукут уни довдиратиб қўйди. Нима қилсин? Агар аризани қайтиб олса, қанақа бебурд одам бўлади? Балки чиндан-да, бу одам уни синаш учун шу таклифни айтгандир…
– Йўқ, фикрим ўзгармайди, аризани қолдираман, – деди ниҳоят Нуриддин ва ҳеч иккиланмай КПСС аъзоси деган ҳужжатни шими чўнтагидан чиқариб, мафкура раҳбари рўпарасига қўйди. Раҳбар негадир хомушланди, қовоғини ўйди, бир нафас жим турди, сўнг ҳужжатни олиб, тортмасига солди.
– Аммо илмий ишдан кечмайсиз, – деди ниҳоят кулимсирашга уриниб. – Бу