Катта хонадон 1. Салом Муҳаммад
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Катта хонадон 1 - Салом Муҳаммад страница 10
– Ҳилола, Ҳилола, сенга нима бўлди, сингилжон? Нимага кўзимга бунақа бўлиб кўриняпсан? Наҳотки Карамгул билан ёқалашдинг? – у ўзича пичирлаб, шошқин ўрнидан турди, у ён-бу ён юрди. Қани энди қаноти бўлсаю учиб бориб, синглиси ва барча яқинларини тезда кўриб қайтса! Афсус, энди унинг эрки ўзида эмас: ярим иш ҳақи эвазига бўлса-да, ҳар куни ишга қатнаши шартлашилган. Дам олиш кунлари бориб келса бўлади, лекин йўл киралар жуда кўтарилиб кетган. Маошининг ўзи йўлга етишмайди. Қизиқ замонлар бўляптими ўзи? Наҳотки мустақиллик шунчалар қимматга тушяпти? Бундай бўлишини ҳеч ким кутмаган эди-ку? Кўплар мустақилликни айблаяпти, аввалги тузумни қўмсаяпти. Йўқ, орқага қайтиш мумкин эмас, яна қафасга интилиш ўта хавфли. Аммо… Ҳилола… Отаси… – у ёнидаги курсига чўкиб, телефон рақамларини терди. Бироқ 8 рақамини терганидан сўнг шаҳар ташқарисига чиқиш йўли очилмади. Кейин эслади: код орқали шаҳардан чиқишни тўхтатиб қўйишган. Кимнинг идорага дахлдор иши бўлса, котиба ўз телефонига улаб беради. Нуриддин шошганча котибанинг хонасига ўтди. У аёл машинкасини чиқиллатиб, нималардир ёзаяпти. Қуюқ саломлашгач, ҳовлиққанча:
– Қишлоқ билан гаплашиш зарур бўлиб қолди, синглим, ёрдам беролмайсизми? – деб ундан сўради.
– Шахсий алоқалар бу телефон орқали бажарилмайди. Пўчтага борасиз.
– Илтимос, у ёққа боришга вақтим йўқ, мана бу код билан рақамларни улаб беринг, пулини тўлайман, – у кисса кавлади, ҳеч нима тополмади. – Ойликдан ҳисоб-китоб қиламиз…
Аёл унга анқайганнамо тикилди: қизаринқираган чеҳра, хижолатли нигоҳ уни бўшаштирди. Индамасдан қоғозни олиб, рақамларни терди. Салдан кейин ту-ут, ту-ут садоси. Нуриддин шошқинлик ила дастакни аёлдан олди. Аммо бир неча чақириқдан кейин ҳам у ёқдан ҳеч ким дастакни кўтармади.
– Қизиқ, нимага жавоб беришмаяптийкан? Ҳовлида ҳамиша одам бўларди, – Нуриддин хавотири ортиб, котибага нажоткорона боқди. Аёл уни тушуниб турарди, иккиланиброқ сўради:
– Бошқа телефон йўқми?
– Бор, бор, – Нуриддин шошганча Роҳиланинг рақамини айтди. Бирор дақиқадан сўнг у ёқдан аёл кишининг овози эшитилгач:
– Роҳила, сенмисан? – ҳовлиққан, титроқли овозда сўради у.
– Ҳа, мен, акажон, яхши юрибсизми? Сизни жуда соғиндик.
– Мен ҳам соғиндим. Отам, Ҳилола… Яқин орада кўрувдингми? Симда ҳеч ким жавоб бермаяпти.
– Телефонлари бузуқ, ака. Ўн кунча аввал кўрувдим. Вақт топиб, ўтолмаяпман. Яқинда навбатчиликдан қайтдим. Бугун хабар олмоқчиман. Ҳилолани туш кўрдим…
– А, сен ҳамми? Менгаям касалдай туюлаяпти. Тезроқ хабар ол. Кечқурун уйга сим қоқарсан.
– Хўп. Ҳозироқ йўлга тушаман…
Котиба индамай бош тебратди. Олимнинг аҳволини у яхши тушунган эди. Шу боис ҳам Нуриддин