Катта хонадон 1. Салом Муҳаммад
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Катта хонадон 1 - Салом Муҳаммад страница 8
Саволига бирор жавоб тополмади. Аммо ухлашнинг ҳам иложи йўқ. Қани, ҳавони бир янгиласин-чи? Шу хаёлда чол секин ўрнидан қўзғалиб, пайпаслаганча стол ортидаги электр чироғининг тугмачасини босди. Ташқари кундуздай ёришди. Шошилмай ўзини эшик ортига олиб, ўттиз қадамча наридаги ҳожатхона сари юрди. Атрофга разм солди. Ҳеч қандай шарпа эшитилмайди. Айвонда туғиш арафасида турган кичик жуссали сигир майин ковуш қайтараяпти, ўтган йилги боласи бошини биқинига қўйиб, жимгина ётибди. Шу қадар сокинликки, ҳу наридаги каналнинг пишқириб оқаётган садоси баралла эшитиляпти. Чол буларга парво ҳам қилмади. Ҳожатдан қайтгач, айвон ёнида турган чўян офтобада қўлини уч бор чайди, симда осиғлиқ сочиқда артиндию хона сари юрди. Айни шу топда, ўзи кутмаган дамда Ҳилоланинг бугунги қиёфаси кўз ўнгида жонландию бош тебратди:
– Ҳаҳ, нодон қиз-а, ўз билганингдан, ўз гапингдан ҳеч қолмадинг-да. Ман нима ғамдаю сан нима хаёлда. Бахтинг ҳам очилмадики, кўнглим тинчимади… Қаёққа кетдийкан? Намозшомда уйда йўғиди. Нариги ҳовлини суриштирмабман ҳам. Ўша ёқда бўлса керак. Жиянларидан бирини олиб, уйга қайтгандир, – бу фикр Одил бобони ортига қайтарди. У Ҳилола ётадиган уй деразаси ёнига борди-да, сал эгилиб, ёпиқ ойнага қулоқ тутди. Ҳеч қандай сас, пишиллашлар эшитилмади.
– Ҳилола, – паст овозда чақирди у. Жавоб эшитилмагач, баландроқ товушда сўзини такрорлади. Жимликдан отанинг юрагига ваҳима ўрлади. Аввал уриш-жанжаллар оқибатига оила сардори алоҳида диққат қилмас эди. Лекин бугун жуда ошириб юборганини шу топда кўнглидан ўтказдию лаб тишлаб, бош тебратди. Шундай эса-да, қизининг бирор ножўя қилиқ қилишини, фалокатли ҳодиса юз бериши мумкинлигини хаёлига ҳам келтиролмади. Лекин кўнгилда ғашлик…
– Ҳеч кимга айтмай шаҳарга, Роҳиланикига кетдимикан, а? Шундай бўлсаям майлийди, – деб ўзига тасалли берганча Одил бобо ортига қайтди, ярим пиёла сув ичиб, тўшагига ўтирди. Бирпас жим қотди. Мудроқ босиб кела бошлади.
Роҳила туман туғруқхонасида навбатчи. Тун жуда нотинч ўтди: бир чақалоқ ўлик, бириси чала туғилди. Ёшгина бир она эса боласи тескари келиб, жарроҳлик иши пайсалга солингани боис кўп қон йўқотиб, ҳушдан кетди. Унга мўлжалдаги қонни етказиш иложи топилмади. Оқибатда ярим кечадан оғганда аёлнинг жони узилди. Бу жуда ёмон кўрсаткич. Лекин бундай ҳоллар кейинги чоғларда тез-тез содир бўлиб турибди. Шифокорлару раҳбарлар жиддийроқ ҳаракат қилмайдилар, уларда масъулият, инсон тақдирига куйиниш йўқолиб бораётгандай. Тўғри, пулдор одамларнинг аёллари, фарзандлари, нима учундир, ҳеч талафот кўрмайдилар…
Роҳила шуларни ўйлай-ўйлай мудраб кетди. Қизиқ, бир неча сония ичида устма-уст туш кўриб, чўчиб уйғонди. Бирисида онаси унинг ёнидан хўмрайиб, саво-лига жавоб қайтармай, индамай ўтиб кетди. Орқасидан Ҳилола сочлари тўзғиганча чопиб бораётганмиш. Роҳила чақирса ҳам қиё боқмабди, “Ҳилола, онамни чақир, мени эшитмадилар”, деса ҳам парво қилмабди. Яна бир