Катта хонадон 2. Салом Муҳаммад
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Катта хонадон 2 - Салом Муҳаммад страница 5
Албатта, оилавий мавзудаги асарда ҳам давр руҳи, ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, фалсафий муаммолар ахлоқ, руҳият, маънавият билан узвий алоқадорликда кўрсатилади. Уларда ҳам сюжет қизиқарли, воқеалар, руҳий кечинмалар, теран фикр асар қадр-қимматини оширади.
Ўзбек адабиётида ҳам Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз”, Асқад Мухторнинг “Опа-сингиллар”, Одил Ёқубовнинг “Биллур қандиллар”, Шуҳратнинг “Олтин зангламас”, Турғун Пўлатнинг “Ичкуёв”, Ўлмас Умарбековнинг “Фотима ва Зуҳра”, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Гули, Гулиш” (бошқа номи “Чаёнгул”), Ёқуб Яквалхўжаевнинг “Қайтар дунё”, Шойим Бўтаевнинг “Кунботардаги боғ”, Муроджон Мансуровнинг “Жудолик диёри”, Қамчибек Кенжанинг “Палаҳмон”, Луқмон Бўрихоннинг “Жазирамадаги одамлар” асарларида оила тақдири тасвирланган. Бу асарларда миллий руҳ, миллий анъаналар, оила муқаддаслиги муҳим ўрин олган.
Кўплаб ҳикоялар, бир қанча қиссалар ва “Мувозанат” романи билан танилган адибимиз Муҳаммад Салом ўзбек оиласининг ҳаётий муаммолари ҳақида ёзган, тўрт қисмдан иборат “Катта хонадон: изтироб ва севинчлар” роман – эпопеяси шу ижодий анъананинг давомидир. Асарнинг биринчи қисми бундан бир неча йиллар аввал “Нажот” номида “Шарқ юлдузи” журналида эълон қилинган. Муҳаммад Салом турли адабий – модернистик изланишлардан узоқда, анъанавий, миллий руҳда ёзади. У романи бошланишида оила мавзуида “Қуръон”нинг “Нисо” сурасидан қуйидаги оятларни бошсўз қилиб олган: “Ота – онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшни ва бегона қўшниларга, ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи мусофирга… яхшилик қилингиз”.
Романда катта хонадон бошлиқлари – ота ва онанинг ўн бир фарзанд ғам-ташвишини чекиши, уларнинг ишлари юришса, суйиниб, орқага кетса, куйиниб, барчасини аҳилликка чақириб, бир-бирига мадад беришни ўргатадилар. Фарзандларнинг кўпчилиги ўз оиласи билан банд бўлса-да, ота-онага буюк меҳр, иззат-ҳурмат кўрсатишлари асарда анча кенг ёритилган.
Романда бошланғич – кичик прологда асардан кузатилган ижодий мақсад – ҳаётнинг боқийлиги, туғилиш ва ўлиш, гуллаб-яшнаш ва емирилиш, бу табиат қонуни жамиятда ҳам амал қилиши, осмонни қора булутлар қоплаб, даҳшатли чақмоқ чақиб, шаррос жала қуйса ҳам, албатта қуёш чиқиб, бу ёмғир заминни гуллатиб-яшнатиши бадиий ифода этилади. Бу манзарада ҳаёт фалсафаси бор.
Аслида табиатнинг адолатли қонунлари жамиятда кўпинча иш бермай қолади. Негаки, жамиятда софдил, мард, яхши одамлар одатда юқори мансабларга интилмайдилар. Ёмонлар эса ҳар қандай йўл билан раҳбарлик ишларига ўрнашиб, софдил, меҳнатсевар кишиларни менсимай қўядилар, улар ҳаётини яхшилашга уринмайдилар. Ёмонлар туфайли оила аъзолари кўп қийинчиликларни бошдан кечирадилар. Асарда ёмонлар кўзга ташланмайди, аммо уларнинг ёмонлиги натижалари кўриниб туради. Бухоро вилоятидаги катта бир хонадон фарзандлари, келин-куёвлари тинимсиз