Катта хонадон 2. Салом Муҳаммад
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Катта хонадон 2 - Салом Муҳаммад страница 9
– Онам оғир ётган бўлса… мен қандай қилиб… – Ҳилоланинг томоғига бир нима тиқилгандай бўлиб, сўзининг давоми бўғзидан нари ўтмади. Кўзларидан шовуллаб ёш қуйилди.
Бироқ акаси шафқат қилмади:
– Ким сенга онамни оғир ётибди, деди. Мана биз ҳам қоринни тўқлаб олдик, – акаси овозига сал қувноқлик ҳамда ўктамлик оҳанг киритди. – Тез бўл, йўқса, жиянларингга қоровул бўлиб қоласан. Уларни тоғасиникига жўнатдик.
Бу гап Ҳилолада бир оз умид уйғотди ва янгасига эргашаркан, акасидан журъатсиз сўради:
– Ўзи онам уйдайканлами ё касалхонадами?
– Уйда ётганмишлар, – дедию бу сўзи аканинг ўзига ҳам далда берди. – Ким билади, бизларни шунчаки кўргилари келганми?..
– Онамни билмайсизми? – Ҳилола қўлида косани тутганча, тик турганча овқатдан бир қошиқ ичдию акасига гинали қаради. – Ўзлари сираям айттирмайдилар. Йўл азобини бизага раво кўрмайдилар.
Акаси индамади. Шу топда ўтган йил эрта баҳор кунларида онаси билан юз берган вазиятни эслади. Ўшанда онаси зулмат дунёси билан бир бора юзлашгану фарзандларини бўзлатгиси келмай, гўё ортига қайтган. Ўшанда ҳам пойтахтда яшайдиган тўнғич ўғли Нуриддин билан кенжаси Ҳилолага хабар беришга йўл қўймаган. Худди шу аснода Газлида даҳшатли зилзила рўй бергану ташвишга тушган Нуриддин дарҳол йўлга отланган. Онасини шифохонада, оғир аҳволда кўриб, укаларини жиддий койиган.
– Буларни айблама, бачам, – деган онаси безовталаниб. – Ман қўймадим. Шунча йўлга келиб-кетишни ўзи бўладими? Рўзғоринг катта бўлса. Мана, Худога шукур, ёнимда укаларинг бор, сингилларинг бор.
– Ҳар кимнинг ўз ўрни бор, онажон. Бошингиз ёстиққа етганда ёнингизда бўлмасам, қандай ўғил бўлдим.
– Қўй, хафа бўлма, бачам. Мана, энди тузукман. Худо жонимни қайтариб берди.
– Ҳали тузук бўлганингиз шуми? – Нуриддин эгилиб, онасининг пешонасидан ўпган, кўзлари ёшланган. Онаси ҳам ўнг қўлини унинг елкасига ташлаб, бошини юзига босган:
– Худога беадад шукур, сани кўриш насиб қилган экан… – онаси бетоқатланган. – Ҳилолани кўрмадим-да… Ухлашга кўз юмсам, дарров қошимга келаверади…
– Аранг қолдирдим уни. Ишниям, ўқишниям қотиряпти.
– Кенжагинам… – онаизор кипригидан бир томчи думалаб, ёноғида тўхтади. – Қийналмаёптими? Ариқлаб кетгандир. Ҳар кимни овқатини емаса у нодон…
– Уни ўйламанг, онажон, қийналгани қўярмидик!
– Биламан. Уни сангаю янгасига, сизларни Худога топширганман.
– Кўнглингиз тўқ бўлсин, ҳадемай кўрасиз.
– Юборасанми? – онаизор тирсагини ёстиққа тираган, кўзлари ёрқинлашган.
– Ўзингизни олиб кетаман.
Онаси толиқадими ёхуд умидсизлик қаърига чўкадими, тирсагини ёстиққа шилқ ташлайди, бир нафас кўзини юмади.
– Шу аҳволда қаёққаям борардим? – хириллаганнамо овоз чиқади онасининг