Катта хонадон 2. Салом Муҳаммад
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Катта хонадон 2 - Салом Муҳаммад страница 11
Шу савол кўнглидан кечдию Нуриддин бош тебратди, яна ойна тарафга, тун қаърига эзгин кўз тикди. Автобус ҳамон шошиб, олға интилар, ичидаги одамлар ташвишу ўйларини ҳам гўё ўзига ортмоқлаб олгандай зўриқиб, зирилларди. Шу боис қанчалик илгариламасин, йўли сира унмаётгандай кўринарди. Нуриддин кўзларини юмди. Айни шу топда Ҳилола:
– Акаа, – дея бошини буриб, у томон юзланди, – ухламаёпсизми?
– Йўғ-а… Ўзинг-чи? Нимага ухламаёпсан?
– Уйқу келармиди… Онамни олиб келамизми яна?
– Ҳа, олиб келамиз…
– Акаа…
– Ҳа…
– Агар онамга бирор нима бўлса…
– Ундай дема!
– Йўқ, барибир-да.
– Тўғри. Киши ҳар қандай вазиятга шай туриши керак.
– Йўқ, акажон, чидаёлмийман, – Ҳилола юзини акасининг билагига босди.
Нуриддин юраги орқасига тортиб, ўзини беҳуддай, муаллақ осилиб қолгандай ҳис этди. Гарчи, у анча олисда яшаса-да, ота-онасини истаган чоғда кўравермаса-да, ўзини уларсиз тасаввур этолмасди. Қандайдир кўринмас нурлар уларни бир-бирлари ила боғлаб, гўё зарурий қонлар билан таъминлаб, куч-қувват бахш этиб турарди. Агар ўша ришталар узилса… Худо кўрсатмасин… уч йил кам ярим аср яшаб қўйган ўзики ўзини шундай тутса, ундан икки мучал ёш, кўпроқ ота-она бағрида ўсган синглиси не ҳолга тушаркин?
Шуни мулоҳаза қилиб, Нуриддин синглисига далда бергиси келди:
– Бу дунёга ҳеч ким устун бўлолмайди. Ризқ-насиба тугагандан кейин…
– Онам дунёга келиб, нима кўрдилар?.. – Ҳилола ҳиқиллади. – Фақат азоб!
– Қўй, ҳалитдан одамни эговлама. Яхшиси, кўзингни юм-да, уйқуни ур.
– Акаа, нимага ухламаёпсиз? Айтинг, нималарни ўйлаёпсиз?
– Ҳм… Илмий ишимни ўйлаёпман… – ғудрангандай, мубҳам жавоб қайтарди акаси. Унинг кўнглини ғубор қоплаганга ўхшарди. Балки уйқу босиб келаётгандир.
2. ҲИЛОЛА ҲАҚМИДИ?
Акаси шу дамда рост гапирмаганини Ҳилола аниқ сезди. Албатта, ҳозирга қадар укаларию сингилларига раҳнамолик қилиб келган акаси шундай нозик лаҳзаларда ўз илмий ишини ўйлармиди?! Ҳатто, ғафлат уйқусига ботишини ҳам тасаввурига сиғдиролмасди. Шундай экан, боятдан бери бутун вужудини ғулғулага солган гапни акасига айтиб қолишни, қалбидаги аланга тафтини оз бўлса-да сўндиришни лозим топди:
– Акаа… – деди у мунгли овозда, сирлироқ оҳангда. Акаси индамай бошини у томон бурди.
– Агар онамга бир нима бўлса, мен ўзимни кечиролмийман, – қизнинг кўзларига тўлиқиб ёш қуйилдики, гапиролмай юзини акасининг елкасига босди.
– Бу нима деганинг, Ҳилол? – Нуриддин қаддини шиддатли тиклаб, синглисига олайиб қаради.