Катта хонадон 2. Салом Муҳаммад
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Катта хонадон 2 - Салом Муҳаммад страница 10
Бош фарзанднинг аврашига онаизор кутилмаган жавоб қайтарди:
– Мани бачам иккита эмас, ўн битта. Ҳар қайсини ўз ўрни, ўз йўриғи бор, бачам.
Нуриддин онасини яхши тушунган эса-да, бўш келмади:
– Эҳ, онажоним, ахир улар ҳам бепарво ўтиришгани йўқ: икки ўғлингиз, бир қизингиз сизни кўришга келиб кетди, симда тез-тез гаплашиб турибсиз, – дедию Нуриддин кулди. – Гуруч орқасидан биз ҳам–курмак лар ҳам сув ичаяпмиз. Отамни ўйламанг, келинлари ташлаб қўймайди? Ҳовлида Карамгул бор…
– Отангни унга ишонасанми? – онаси кўзларини катта очиб, ўғлига саволомуз қаради.
– Ҳилоланинг гапига қараганда, отам анча ўзгарганмиш. Ой ҳам Карамгулга боқаркан, кун ҳам… Аввалги инжиқликларидан асар ҳам қолмаганмиш. Ишонгим келмайди. Шу ростми, она?
– Рост… – онаси секин хўрсинди. – Ҳа, шу келин хусусида отангминан ҳеч келишолмаёпмиз.
– Шу учун бу ёқда бемалол юраверишингиз маъқул эмасми, она?
– Қўй, мани кўп қистама, бачам, ман ўша ёққа кўпроқ керакман, буни ўзинг яхши биласан.
Карамгулнинг рўзғор тутиши, саранжом-саришталикка жуда бепарволиги, ҳардам хаёллиги, хусусан, фарзанд кўрганидан сўнг бу хусусиятлар янада бўртиб чиққанлиги катта ҳовли аъзоларининг ҳеч бирига маъқул эмас: ҳар ёқда сочилиб яшаётган қайнакалару қайнопа ҳамда қайнсингиллар дуч келган кезларда унга яхши маслаҳатлар бериб, панд-насиҳатлар қиладилар. Аммо бу усуллар фойдасию таъсири кўп вақтга етмайди – Карамгул ошган хамирдай бўшашади-ҳамма эътирозларни тез унутади. Оилада ўта инжиқ ҳисобланган қайнатагина унинг жонига оро киради, тарафини олади. Бунга ҳамма лолу ҳайрон. Шундай кезда қаттиққўл қайнона келини ёнида бўлишига, уни ўз измида сақлашига эҳтиёж туғилади. Нуриддин онасини худди шу маънода тушунди ва:
– Ўзингизни ҳа деб ўтга-чўғга ураверишни энди тўхтатинг, онажон, – деди юраги эзилгудай бўлиб. – Буёғига ҳузур-ҳаловат кўринг, роҳатланиб, дам олиб юринг. Қолаверса, Ҳилол ёнингизда.
– Ҳилолдан кўнглим тўқ, – шарт кесди онаси. – Ишингга ғарқ бўлиб кетмай ундан кўз-қулоқ бўлиб турсанг, бас. Мана, кўклам келопти. Бориб, помидор экаман, кади экаман, қавун экаман… Онангдан ташвиш чекма, онанг ишминан тирилади, бачам…
Волидаси кўзида қандайдир жонланиш кўриб, Нуриддин эътироз билдиришга на рағбат, на куч-қувват тополди. Шу орада онасидан хабар олишга келган укаси Ҳусниддин билан волидаи муҳтарамасини ноилож кузатиб қолди. Бироқ орадан икки ой ўтар-ўтмас Фазлиддин сим қоқдию онасининг оғир ётганини, иложи борича тезроқ йўлга чиқишларини маълум қилди.
– Ўшанда бекор юборганман, – деди Нуриддин ўзўзига, тун қўйнини ёриб, шиддатли елаётган автобус ойнасидан маъюс қараркан. Ёнида, мижжа қоқмай, ўз хаёллари билан ўзи қоврилиб бораётган Ҳилола ҳушёр тортган каби акасига ялт қаради. У йўлда акаси билан