Катта хонадон 2. Салом Муҳаммад
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Катта хонадон 2 - Салом Муҳаммад страница 14
– Биронта тушим эсимда қолмасиди. Бунисини шу азонда кўрдим: олддаги катта тишимни шундай тортсам, қўлимга суғрилиб келибди. Эсиз-а, жуда керакли тишим бевақт тушди-я, деб куйиниб ётибман…
Нуриддин тўлғаниб, иккинчи ёнига ўгирилди, лабини қаттиқ тишлади. Гўё ухлаш учун кўзларини юмди. Автобус тун бағрини тилиб-тилкалаб, бамисоли учиб боряпти. Унинг ичидаги эллик жон, эллик вужуд ҳар қайси ўз дарди, ўз ташвишига кўмилганча курсиларига қапишгандай. Аммо улардан ҳеч бирининг дарди ёнма-ён ўтирган ака-сингилникига ўхшамас… Ким билади, балки буларнинг ғамидан ҳам ошиб тушувчи кулфатлар йўқ эмасдир.
Нуриддин шуни ўйладию ўзини ухлашга мажбур этди. Бироқ қўққисдан онасининг кетар жафосида ўзига тайинлаган, илтижо ширасига йўғрилган сўнгги сўзларини эслаб қолди:
– Ҳилолани санга, сани Худога топширдим, бачам… Ёшиям ўтиб боропти. Қиз бача пишган қавундай… Бир бача айланишиб юрганга ўхшайди… Суриштириб кўр, тагли-тугли, яхши бўлса, узоқ-яқинига қарамаймиз.
3. ТАШВИШ КЕЛТИРГАН ЧАҚАЛОҚ
Онаси бир дам сукут сақлади. Бундан тўнғич ўғил елкасига ғоят оғир вазифа тушаётганини ўзича ҳис этиб, яна онасига саволомуз қаради.
– Ундан бирон гап олиб бўларканми, бачам? – деди онаси ўйчан оҳангда, чайналиброқ. – Дугонасини гапидан пайқадим. Эҳтиёт бўлиб суриштирсанг… Янгасигаям тайинлаб қўйдим…
Бироқ Нуриддин суриштиришга улгуролмади, бунга имкон ҳам тополмади. Уйда бўлган вақтида синглисини ҳар кеча, соат ўнлар атрофида троллейбус бекатида кутиб оларди. Ёзувчилар боғига кетганидан сўнг бу ишни Озода ҳамда болалари адо этишяпти. Хотини бирор нима пайқаганида, албатта унга сездирарди. Ўзи ҳали унчалик кўп вақт ўтгани ҳам йўқ-да.
Катта хонадоннинг тўнғичи Нуриддин билан кенжаси Ҳилола биргаликда, ёнма-ён юрганини кўрган киши уларни ака-сингил эмас, отаю қиз деб ўйлайди. Орадаги фарқ, масофа ҳам нақ икки мучал – йигирма тўрт йил. Отаси ҳазиллашиб, “катта сигир, кичкина сигир” дейди. Ака-сингил бирор китоб хусусида баҳслашиб қолганда: “Шохлашганларинг етар”, дейди кулиб. Акаси кўпинча синглисини атайлаб баҳсга тортади, қизиштиришни ёқтиради. Уларни кузатган бегона бирор кимса Ҳилоланинг “ака” деб мурожаат қилганидан ҳайратланади. Нуриддин ўз ёшига нисбатан хийла улуғроқ кўринади: ўрта бўй, хиёл қорин чиқарган, паст қовоқларида халтачалар пайдо қилган, кўзлари ҳорғин боқувчи, елкаси бир оз букилган-курсида кўп ўтиргани яққол сезилувчан, асли буғдой рангга мойил юзлари йиллар ўтиб, оқиш-сарғиш тус олган, сочи сийраклашиб, чаккаси анча оқарган-зиёли сифат киши. Унинг акси ўлароқ Ҳилолани ҳеч ким йигирма уч ёшга кирган, ҳаётнинг кўплаб чигалликларига аллақачон дуч келиб, анча-мунча қийинчиликларни бошдан кечирган қиз эмас, эндигина ўн етти-ўн саккиз остонасидаги нозиккина, қорамағиз юзлари таранг, силлиқ-ўзига бино қўйган қизалоқ деган ўйга боради. У ўзига ҳам, яқинларига ҳам ўта талабчан. Ҳеч кимга гард юқтиришни истамайди.
Нуриддин бу синглисини бошқа қондошларига нисбатан камроқ билади.