Катта хонадон 2. Салом Муҳаммад
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Катта хонадон 2 - Салом Муҳаммад страница 17
– Сен айтмасанг, ким айтади?
– Бир-иккитасига айтувдим, хафа бўлдила…
Нуриддин ҳам юмшоқ кўнгил, ҳеч кимга озор бермаган. Аммо ҳозир фиғони фалакка чиқиб, фикрини дангал айтди:
– Онамни ҳурмат қилганларингиз учун ҳаммаларингизга кўпдан-кўп раҳмат. Бироқ, кечиринглар мени, беморга ҳозир осойишталик жудаям зарур…
– Хапа бўма, айланай сандан, жигаргинамни кўрмай, ҳавлидан кетавераманми? – йиғламсираб, эътироз билдирди қариндошлардан бири. – Кўнглини сўрайману ҳайдамасанг ҳам кетаман.
Унгача баъзилар ўринларидан туриб, эшик сари йўналдилар. Нуриддин шаштидан тушмади:
– Соғайсинлар, кейин истаганча кўнгил сўрайверасизлар. Роҳила, сингилжон, сендан илтимос, уйга ҳеч кимни киритма. Фақат икки киши қолса, бас… Ҳилол, сен ҳиқиллама, чиқ. Мана, ўзим ҳам чиқаман, – у йиғлагудай бўлиб, эшик сари йўналди. Ўзига биринчи дуч келган кенжа укаси Фазлиддинни қишлоқ касалхонасига, бош шифокорни бошлаб келишга жўнатди. Сўнг дарвозахона сари юриб, остона ёнида қатор калишлар териб қўйилган, меҳмонхона номини олган узунгина уйга кирди. У ерда суҳбатлашиб ўтирган отаси, амакиси, яна баъзи қариндошлар билан қучоқлашиб кўришди. Ҳали дарвозадан кирганда улар билан кўришгани мутлақо эсидан кўтарилган, ярим беҳуш тарзда сўрашганини эслолмас эди. Унинг бундай ҳолати сабабини отаси ҳамда амакиси ўзларича тушундилар. Лекин сездирмадилар. Юзга фотиҳа тортиб, аҳвол сўрашгач, Нуриддин отасига мурожаат қилди:
– Ота, онамга нима бўлди? Ҳеч ким тузук-қуруқ гап айтмади. Тошкандан жўнатганимда соппа-соғидилар.
– Қишлоққа келганида отдайиди. Ўтган ҳафта шу бугун келувди. Билмасам, нима бўлди, бирданига мазаси қочди…
Отаси яна нималар деди, Нуриддин эшитмади, англай олмади. Балки бирор кўнгилсиз воқеа юз бергандир, деган ўй унинг вужудини эзғилай бошлаган эди. Гўё шу фикрни тасдиқлаган каби Одил бобо айтган сўнгги сўз унинг шубҳасини янада кучайтирди:
– Ўзига ўзи қилди-да.
– А?… – у отасини ранжитиб қўйишдан чўчиб, айни пайтда, ўзини босиқ тутишга уриниб, ўрнидан турди, секин ортга чекиниб, дарвоза сари юрди.
– Дардини берган Худо шифосини ҳам беради… – амакисининг минғирлаган овози қулоғига чалинди. – Тақдири азалдан қочиб, қутулиб бўмайди, жиян.
– Рост айтасиз, амаки, – Нуриддин эшикдан бош суқиб, ярим зардали, ярим гинали оҳангда гап қотди. – Мен бир-бирини асраб-авайлайдиган кишиларга Худо узоқ умр бераркан, деб эшитувдим.
Сўз маъноси ўзига қаратилганини отаси яхши тушунди. Бунақа пайтда лов этиб ёнадиган, жаҳлини жиловламайдиган отаси негадир бу сафар ёнғинга чап берди. Балки, жаҳли чиққанда ўзига ўхшаб, ҳеч кимни аямайдиган тўнғичини меҳмон санагандир, балки ўзидан ҳам нимадир ўтгандир…
– Онангни пишагини ҳеч ким пишт дегани йўқ, бачам, – деди отаси ҳар қалай, кулимсираб. – Худо берган дард. Қўлингдан келса, давосини топ.
Бунақа