Катта хонадон 2. Салом Муҳаммад
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Катта хонадон 2 - Салом Муҳаммад страница 19
Оппоқ халатга бурканган, бошида ҳам оқ қалпоқ, дўмбоқ оқ юзли, тик қоматли Носиржон гапни кўпайтириб ўтирмади, тезда олдинга тушиб, тўрдаги уй сари юраркан:
– Барибир келардим, ака, – деди. – Аҳволлари қандай?
– Ўзгариш йўқ, ўшандайича, қимирламай ётибдилар, – жавоб қайтарди Баҳриддин ва уй эшигини очиб, шифокорни ичкари бошлади. Роҳила билан Ҳилола ўринларидан туриб, унга йўл беришди. Носир ҳамон томчилаб турган дорига – осма уколга бир назар ташладию беморни гапиртиришга уринди, қовоқларини кўтариб, кўз қорачиқларига қаради. Аммо унинг уринишлари таъсирсиз кетди. Шундан сўнг шифокор беморнинг оёқлари тагини қитиқлади, билакларини қўлида тутиб, игна учини баданда секин юргизди. Буларнинг ҳаммасига ҳам Шамсия буви бепарво: юзлари сал учгандай бўлдию жавоб қайтармади. Носиржон билан бирга келган ҳамшира янги дорилардан қўшма уколлар ўтказди. Шунда ҳам ўзгариш сезилмади.
– Носиржон, тўғрисини айтинг, бу ўзи қанақа касаллик? – деб сўради Нуриддин овозини пастлатиб, тушкун оҳангда. – Бундай вазиятда нима қилиш зарур?
– Бош миядаги томирлардан бири узилиб, мияга қон қуйилган. Миянинг қон ҳамда кислород билан таъминланиши бузилган, қон йўли тўсилган.
– Инсульт дегани шу эмасми, ишқилиб?
Шифокор бош силкитиб, маъқуллади, сўнг изоҳлади:
– Ҳм, шундай… Бу – жуда оғир дард… – негадир гапининг давомини айтмоқчи эмасга ўхшарди у.
– Эшитганларимга кўра, – иккиланган каби фикрини айтди Нуриддин, – қон босими жуда баланд беморларда рўй беради бунақа ҳолат. Онамда қон босими ҳамиша паст юрарди.
– Пастлигиям яхши эмас, ака, тана, аъзолар шунга мослашади. Босим сал кўтарилиши билан вужуд – организм қийин аҳволга тушади, гоҳида чидай олмайди. Холамда босим кескин кўтарилган. Бунақа босимни у кишида аввал кузатганим йўқ.
– Наҳотки ҳавонинг кескин ўзгариши шунчалар таъсир этган? Ёки… – Нуриддиннинг кўнглида яна ғалати шубҳалар қўзғалди…
5. ҚЎРҚУВ
Суриштирув бўйича ҳаводаги тўс-тўполонлар, этни жунжиктирувчи изғириннамо оқим ҳам Шамсия холага гўё ҳукмини ўтказолмаган: бировнинг қаттиқроқ нафасига акса урадиган нозик ниҳол эмаслигини, шаҳардан анча соғайиб қайтганини Онаизор намойиш этган – ҳар қачонгидан кўтаринкироқ кайфиятда бўлган.
– Ўша куни онамнинг даракларини эшитиб, кўришга келувчи ҳамсоялар, қариндош-уруғлар, таниш-билишлар шунчалар кўпайиб кетдики, ҳовлимиз тўйхонага айландими, деб ўйлабман, – кейинчалик эслади кенжа ука Фазлиддин. – Онамниям таниб бўлмай қолди. Худди икки-уч йил бурунги онамга ўхшардилар. Ҳамма билан қучоқлашиб, ўпишиб кўришдилар. Тошкентдаю Бухорода ўтган кунларини роса мақтадилар.
– Балки… – укасининг сўзини кесди Нуриддин, – Карамгулнинг бирор қилиғи ёқмай, ранжигандирлар. Ёки бошқа бирор гап…
Унинг сўзини Одил бобо кескин