Катта хонадон 2. Салом Муҳаммад
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Катта хонадон 2 - Салом Муҳаммад страница 20
“Заҳриддин болайди, ғайрати ичига сиғмасди. Лекин эртага қанақа жазо олишини ўйлаб ҳам ўтирмас эди, – деган ўй кечди Нуриддиннинг кўнглидан. – Карамгул ёш қизалоқ эмас, нимага эртанги кунига бунчалар бепарво? Отам уни ҳамиша қўриқлаб юролмайдилар-ку? Бунинг устига, эри ҳам ундан совиган. Оқибати қандай бўларкин, билмадим…”
Айни шу топда Карамгулнинг жилмайиброқ турган, оқиш-малладан келган узунчоқ юзи, баланд қадди, маъюсроқ боқиши Нуриддиннинг кўз ўнгида бир сонияча гавдаландию унга ачингандай ҳис этди ўзини. Ҳамма қайнакалар, қайнопаю қайнсингиллар эътиборидан қолган, ҳатто баъзиларининг нафратига учраган, ўзини ўнглашга жиддий уринмайдиган кенжа келиннинг бу ёнги тақдири нима бўларкин?
Тўғри, Нуриддин уни кам кўради, шаҳардан келган чоғларидагина у билан мулоқотда бўлиб, тайёрлаган таомларидан истеъмол қилади. Эҳтимол, шу боисдандир, балки, табиатан мулойимлиги сабабидандир, у келинига озорли гапирмайди, жиддий танбеҳ бермайди. Карамгул ҳам, чамаси, бунинг қадрига етади, катта қайинакасининг айтган гапларини дарҳол бажо келтиради. Шамсия хола эса нечундир бу келинга унчалик эътибор қаратмади. Қаторлаб келин туширишлару қиз чиқаришлар чарчатдими ёки бунисига қилинадиган меҳнатлар зое кетишига кўзи етдими, ё Одил бобонинг ўжарлигига бас келиш қийинлигини билгани учунми, ҳар қалай, қайнана ўз уринишларини тўхтатди. Онаизор бу сафар бошқаларнинг рўзғор ишларию ўзаро муносабатларига аралашмасликни, эндиги ҳаётини осойишта ўтказишни лозим топди. Ҳатто бу қарорини чолига ошкор ҳам қилди: “Сизни келинизга топширдим. Ман қолган умримни бачалариму навараларим билан ўтказаман. Ҳар қайсиникида бир ойдан турсам-сал кам бир йил ўтади”. “Кейин-чи? – сўраган Одил бобо. – Яна қайтиб келасанми?” “Ҳа, келаман, кейин яна бошланади…”
Шаҳарда, қават-қават жойлашган, қафасмонанд уйларда бир кечадан ортиқ тунашни хаёлига ҳам келтиролмайдиган чол мийиғида кулиб:
– Ол-а, ошиғинг олчи бўларкан, – деган киноя аралаш.
– Бизгаям баъзида мурувват қиладиларми, а, кампир?
– Сиз тухум босиб, уйдан ҳеч ёққа чиқмай ўтираверинг.
– Кўрамиз, неччи кун сиғаркансан ўша бедона қафас уйларга…
Бу гап-сўзлар Нуриддину бошқа фарзандлар иштирокида, у онасини Тошкентга олиб