Катта хонадон 2. Салом Муҳаммад
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Катта хонадон 2 - Салом Муҳаммад страница 24
– Онангни қийнашдан наф чиқса-ку, майли, ўрнига тушар, локин… нима дейсиз, дўхтиржон?
Носиржон индамай елка қисди.
– Ахир мана шу дўхтиримиз ҳам прописсорингдан кам эмас, жиян. Ман касал бўлиб кўрганим йўқ, одамлар шундай дейди… Яна ўзинг биласан…
Амаки жавоб ҳам кутмай йўлида давом этди. Носиржон ҳали айтган сўзини ижро этиш мақсадида кўча сари йўлланди. Нуриддин унинг билагидан тутиб, тўхтатди:
– Ўзим сезиб турибман, Носиржон, юзимни қилиб, фикримдан қайтармаяпсиз…
– Бемор эгаси ўзингиз, ака, кейин надомат чекиб юрманг-да.
– Сиз менга дангал айтинг: уринишимиздан натижа чиқадими?
– Бир нима деёлмийман, ака, мени тўғри тушунинг, сизни йўлдан қайтаришга ҳаққим йўқ…
Нуриддин уф тортди. Негадир кўз ўнгини қоронғулик чулғагандай бўлди. Бу дамда кун ботиб, шом қўнган эди.
– Мен сизга ишонаман, – деди у ниҳоят шифокор дўстига. – Фақат дангал айтмаётганингиз менга унча ўтиришмаяпти.
– Бор имкониятни қилдик, ака. Шояд… – у сўзининг давомини айтмади. Ёлғон гапиргиси келмади. – Маҳмуд амакимнинг гапларига қўшилгим келади. Лекин сиз нима десангиз…
– Майли, бу ёғига Худо подшо, ўзи шифо берсин. Раҳмат сизга…
Муолажалар таъсир кўрсатди, шекилли, кечки соат тўққизларда беморда анча ўзгариш сезилди. Онасининг ҳар дақиқадаги ҳолатини суриштириб, билиб турган фарзандлар қалбида ҳам умид чироғи липиллай бошлади. Уларнинг кенжаси – Ҳилола нари турсин, тўнғичи Нуриддин ҳам шу ёшга кирибдиларки, ўлим билан юзма-юз келган, сўнгги нафас олаётган беморга ҳеч қачон дуч келмаган эдилар. Шу боис волидаи муҳтарамаларидаги озгина ўзгаришдан ҳам кўнгиллари кўтарилиб, дадиллашардилар.
“Дорилар ўз кучини кўрсатиши керак, – дерди Нуриддин ўзига ўзи умидворлик билан. – Сал соғайсинлар, кейин ўзим биламан нима қилишни. Энди хато қилиш мумкин эмас!.. Аста-секин соғайсалар керак, онам кучли…”
Шу фикрни тасдиқлаган каби ичкаридан Ҳилола чиқиб, акасини янада қувонтирди:
– Онам анча яхши, ака, гапирмоқчиям бўляптилар.
– Ростданми? –Нуриддин шошганча уй сари юраркан, қўшиб қўйди. – Йўқ, Ҳилол, онамни гапиртиришга уринманглар. Бунга ҳали эрта.
У Роҳиланинг кўзларида қувонч ёшларини кўриб, онасининг биқинига тиз чўкдию беморнинг чеҳраси аллақандай ёришганини, юзларига нур ёйилганини ҳис этиб, ўзининг ҳам кўз ёшларини тиёлмади:
– Хайрият… Онажон… – деди аранг. – Ху– Худога шу-шукур…
Онаси жағ қоқиб, нимадир демоқчи бўлди, ҳатто кўзларини ярим очди, қувват етишмадими, яна юмди. Бундан ўғли ўзича хулоса чиқариб:
– Онажон, безовталанманг, ҳаммамиз ёнингиздамиз, худога шукр, энди тузаласиз, – деди ва хонадагиларга тайинлади: – Онамга жуда осойишталик керак. Гапираман деб куч йўқотяпдилар. Икки киши қолсин. Ҳар икки соатда ўрин алмашамиз. Қани, ҳозир