Катта хонадон 2. Салом Муҳаммад
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Катта хонадон 2 - Салом Муҳаммад страница 27
– Онажоним!.. – дея инграганча онасининг устига энгашиб, совий бошлаган жасадни қучоқлаганча юзларидан, пешонасидан қайта-қайта ўпди. Кўзларидан қайноқ томчилар ёмғир бўлиб ёғилар, аммо тилида бирор калима ҳам айланмай, нуқул: “Онажон, онажон, нимага бизни ташлаб кетдингиз, нимага ўлдингиз”, деярди, холос. Шу топда ўзининг хатоси яна эсига тушиб, ноласимон тарзда ўзини айблашга тушди: – Мен гумроҳ бўлмасам, анқов бўлмасам, гўл бўлмасам, охирги лаҳзаларда сизни ташлаб кетаманми?! – у ўрнидан ногоҳ туриб, Баҳриддинни бағрига босди:
– Жигаргинам, сенга тасанно айтаман, сени кўзларимга тўтиё қиламан, сени тавоф қиламан! Мен учун сен ҳозир ғоят буюк инсонсан, ғоят ўткир, ғоят сезгир зотсан! Сени юрагинг аввалдан ҳаммасини сезган! Мен лақма, гумроҳ бўлсам… ҳиҳ-ҳиҳ… – тебраниб ҳиқиллади у.
– Ундай деманг, акажон, – дея йиғи аралаш жавоб қайтарди Баҳриддин. – Аслида онам охирги дамларини бизларга кўрсатгилари келмаган. Ҳаммамиз дам олишимизни истаб, бор кучларини йиғиб, ўзларини соғайгандай кўрсатганлар. Мен ҳам инониб, кичкина хонага ўтувдим. Узоқроққа кетгим келмади. Салгина мизғидим, чоғи, туш кўрдим – онам жон берибдилар. Додлаб йиғлаб юборибман. Уйғониб кетиб, шу заҳоти бу уйга ўтдим. Роҳила опам онамни оғизларига пахтада сув томизардилар. Онагинамни ёнларига чўкдим.
– Шу сенга насиб қилган экан, укажон, – титраб, алам билан ҳиқиллади Нуриддин. – Мен ҳузур-ҳаловат истаб, доғда қолибман. Энди бошимни қайларга урайки, бир оғизгина сўзларини эшитсам…
– Биза ҳам сўзларини эшитолмадик, акажон! – Роҳила акасини қучоқлаб, ички дард ила ингради. – Бир оғиз гаплариниям кўп кўрдилар!
– Юрак уришлари пасайиб, аста-секин сўниб борди. Кўзларини бир марта ярқ очиб қарадилар. Худди шам лоп этиб ёниб, ўчгандай… Сўнг бир марта “пуф” дедилару узилдилар. Азобдан, қийинчиликлардан қутулдилар. Манакларини ўзим боғладим…
Нуриддин яна инграб юборди. Ҳилола билан Ҳусния ҳам унинг икки ёнидан қучиб, бир-бирларига ёпишганча ички дард-алам билан фиғон чекардилар. Акаларининг давъати билан икки кичик сингил ҳам ўша кичик уйга ўтишган, чарчовлар таъсирида донг қотиб қолишган, энди улар ҳам ўзларини айблаб, сочларини юлишар, пешоналарига муштлашар эдилар.
Ҳусния – оиланинг ўнинчи фарзанди, уч чақиримча наридаги гавжум қишлоқда ўз оиласи билан яшайди, ёнгинасидаги мактабда тарих фанидан дарс беради. Гарчи онасининг дийдоридан сал-пал бўлса-да, тўйиб улгурган, шаҳардан келтиришган дамларданоқ волидаси бағрига отилган эса-да,