Стив Жобс. Уолтер Айзексон
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Стив Жобс - Уолтер Айзексон страница 55
11-боб. Воқеликни ўзгартириш майдони
Ўз қоидалари бўйича ўйнаш
Энди Херцфельд Mac жамоасига ишга ўтганида уни бошқа бир дастурчи Бад Триббл жуда кўп ишлашга тўғри келиши ҳақида огоҳлантирган эди. Жобс лойиҳани 1982 йил январигача, яъни бир йилдан камроқ вақт ичида якунлашни хоҳлаётганди. “Бу бўлмаган гап. Улгурмаймиз”, – деб бунга ўз муносабатини билдирди Херцфельд. Лекин Жобс эътирозларни қабул қилмайди, деб жавоб берди Триббл. “Буни “Юздузлар йўли” сериалидаги термин зўр таърифлаб беради, – деб тушунтирди Бад. – Стивда воқеликни ўзгартириш майдони деб номланадиган хислат бор”. Херцфельд ҳайрон бўлди ва Триббл унга шундай деб тушунтирди: “Стив воқеликни ўзи хоҳлагандек ўзгартиради. Исталган кишини хоҳлаган нарсасига ишонтириши мумкин. У ёнингда йўқлигида ўзингга кела бошлайсан, лекин у қўйган муддат ўзгариб қолмайди”.
Триббл “Юздузлар йўли” сериалининг “Кўчманчи ҳайвонот боғи” эпизодидан бир ибора ўзлаштирилганини ёдга олади. Бу эпизоддда ўзга сайёраликлар “тафаккур кучи билан ўзининг янги дунёсини яратади”. У нафақат танбеҳ, балки мақтов эканлигини ҳам айтади. “Унинг воқеликни ўзгартириш доирасига тушиб қолиш хавфли, лекин айнан шу туфайли Стив воқеликни ўзгартира оларди”. Херцфельд дастлаб Триббл бўрттириб кўрсатяпти деган хулосага келди. Лекин икки ҳафта Жобс билан яқин мулоқотда бўлгач, ҳамкасби берган баҳога қўшилди: “Воқеликни ўзгартириш майдони унинг ўзига жалб этиш қобилияти, нотиқлиги, жиловлаб бўлмайдиган эркинлиги ва исталган ҳодисани ўзига керакли тарзда кўрсатишга тайёрлиги йиғиндисини ўзида ифодалайди”.
Херцфельд бундай сиқувга қаршилик кўрсатишнинг деярли имкони йўқлигини тезда тушунди. “Воқеликни ўзгартириш майдони ҳамма нарсани тушуниб турган бўлсанг ҳам иш беради, – дейди у. – Биз ҳамкасбларимиз билан Стивни осмондан ерга туширишни кўп муҳокама қилардик, лекин охири таслим бўлардик ва ҳаммасини бор нарса деб қабул қилардик”. Жобс офис музлатгичидаги газли сувни Odwalla органик апельсини ва сабзи шарбатига алмаштиришни буюрганидан кейин жамоадаги кимдир кўкрагига