АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд). Сирожиддин Саййид
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд) - Сирожиддин Саййид страница 35
Лек баъзан гум бўлиб кетгимиз келгай.
Энг олий, инсоний гўзал туйғулар
Кетиб қолмасми, деб қочар уйқулар.
Хас-хазон кўммасми қумлоқларини
Меҳру муҳаббатнинг булоқларини?..
ТОШКЕНТ МАНЗУМАСИ
Йиллардан йилларга эврилар йиллар,
Орзулар ястаниб чаман бўлгайлар.
Меҳрингдан сув ичиб ўсган кўнгиллар,
Улғайиб эл бўлгай, Ватан бўлгайлар.
Офтобтахтим менинг, ойтахтим менинг,
Оламга остонам – пойтахтим менинг.
Асрлар қумлару саҳролар кечдим,
Юртсиз бир муродни ҳосил кўрмадим.
Қанчалар уммону дарёлар кечдим,
Анҳор соҳилидай соҳил кўрмадим.
Офтобтахтим менинг, ойтахтим менинг,
Оламга остонам – пойтахтим менинг.
Олис диёрлардан қўмсаб шошганим,
Ҳар бир ҳовлинг менга кўзу қошлардай.
Дилимни оламга сочсам, Тошканим,
Сенга қайтиб келар қалдирғочлардай.
Офтобтахтим менинг, ойтахтим менинг,
Оламга остонам – пойтахтим менинг.
Жоним жимирлатган куйларинг, шаҳрим,
Сен – меҳр навоси, ҳаёт қўшиғи.
Бешикларга тўлсин уйларинг, шаҳрим,
Эй улуғ зотларнинг мангу бешиги.
Офтобтахтим менинг, ойтахтим менинг,
Оламга остонам – пойтахтим менинг.
Бунда ҳар бир ниҳол келинчак бўлгай,
Гуллардан ранг олиб хиноларига.
Кўприклар эврилиб келажак бўлгай,
Айланар истиқбол биноларига.
Офтобтахтим менинг, ойтахтим менинг,
Оламга остонам – пойтахтим менинг.
Устувор қўрғонсан – чин дўстларингу
Кексаю ёшларнинг тилакларида.
Эзгулик аркасин устунларию
Турналари билан лайлакларида.
Офтобтахтим менинг, ойтахтим менинг,
Оламга остонам – пойтахтим менинг.
Доим юраклардан таралсин ёлқин,
Бағринг бутун бўлсин, яро бўлмасин.
Оқсарой мисоли мунаввар қолгин,
Оқшоминг ҳеч қачон қаро бўлмасин.
Офтобтахтим менинг, ойтахтим менинг,
Оламга остонам – пойтахтим менинг.
«Отлар кечиб ўтар дарёдан, ака…»
Отлар кечиб ўтар дарёдан, ака,
Олис эсдаликлар мисоли отлар,
Ҳасрат юган солар тунлар юракка,
Осиғлиқ қамчилар кимларни ёдлар?
Йиллар соғинч уйин чалдивор этмиш,
Изғир яйдоқ отдай қирларда шамол.
Кўкларда ғарибу зор қолиб кетмиш
Синиқ узангидай музтариб ҳилол.
Дунё найранглари – сулувларидай
Аввал кўзимизни қамаштирмишлар.
Сўнг ҳаёт дарёсин кечувларида
Биз минган отларни алмаштирмишлар.
Тун-кун айланар чарх бесўз, беовоз,
Асл рафторини ким ҳам кўргайдир.
Тун-кун фалак узра Буюк чавандоз
Минг-минг тулпорларга эгар ургайдир.
Сутдай оқ тунларнинг сомонзорида,
Сомон йўлларининг ғубори аро,
Ойдин адирлардан оқ тулпорида
Кетиб