АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд). Сирожиддин Саййид
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд) - Сирожиддин Саййид страница 32
ХХ аср, сен биздан қарзсан
Бир Чўлпон, бир Фитрат ва бир Қодирий.
Ҳар бир яхшиликни дилдан қўллайман,
Осмон, варақларинг бунчалар мовий.
Шоирлик қарзимни ўзим тўлайман,
Пушкин тўламайди ва ё Навоий.
ДИЛ ФАРРОШЛАРИ
Сиз яшайсиз – ҳар кун тўю байрамлар,
Тилим сўзда, қўлим созда бўлсин деб.
Биз ишлаймиз – бу Ватан, бу одамлар,
Бу кўнгиллар озроқ тоза бўлсин деб.
КАПАЛАК
“Мен-ку шошар эдим, сен
Қайга шошдинг жонҳалак?..”
Мошинамга урилиб
Жон берди бир капалак.
Ҳеч нарса ўзгармади
Замин сайёрасида.
Жонсиз қанотчалари –
Мошинам ойнасида.
Капалакни ўлдирдим,
Довоним “Чак-чак” бўлди.
Мошин зиён кўрмади,
Юрагим пачақ бўлди.
“САРОЙ ШОИРИ.” ИЗОҲ
Мен саройнинг шоириман,
Тоғу сойнинг шоириман.
Шу юртдаги ҳар бир шоҳу
Ҳар гадойнинг шоириман.
Оллоҳ дилимга солмиш сўз,
Сўз ёнида – минг бир юлдуз.
Сўндиргум деб уринманг сиз,
Мен Худойнинг шоириман.
Буғдойимни фалак эккан,
Хокисор эл заҳмат чеккан.
Фақир деманг, Кўнгил деган
Катта бойнинг шоириман.
Хазон тўлиб оқар ариқ,
Соғинчларим яшил, сариқ.
Онамнинг ранглари янглиғ
Сариқ чойнинг шоириман.
Олам бори юкин ортган,
Оҳи осмонларни йиртган,
Заҳириддин Бобур тортган
Камон-ёйнинг шоириман.
Ҳазрат Навоийлар меъмор
Боғ-саройнинг шоириман.
Темур боболардан ёдгор
Оқсаройнинг шоириман.
БОБОЖОНИМНИНГ ВАТАНИ
Бобожонимнинг Ватани,
Отажонимнинг Ватани,
Болажонимнинг Ватани,
Кўксимни тоғ қилиб юрдим-ей,
Болталар кесмаган муртим-ей.
Онажонимсан сен ўзинг,
Қошу кўзимсан, юртим-ей.
Ой десам, ойларинг синглимдай,
Кун десам, кунларинг кўнглимдай.
Номингни айтсам – олам аро
Тоғ топилмагай кўксимдай.
Бургутлар мисоли учдим-ей,
Осмонларингни қучдим-ей.
Тупроғингга топиндим мен,
Шундадир етти пуштим-ей.
Нур олган сендан Ер юзи,
Оқшомларингдир қирмизий.
Ер юзига ҳикмат эккан
Бухорий бобо, Термизий.
Дилдаги меҳр ила шафқатим,
Қуёшли қўрғоним, давлатим.
Сўнмаган ғурурим сен ўзинг,
Сен ўзинг шон ила шавкатим.
Бобожонимнинг юрти-ей,
Отажонимнинг юрти-ей,
Болажонимнинг юрти-ей,
Кўксимни тоғ қилиб юрдим-ей,
Болталар кесмаган муртим-ей.
Онажонимсан сен ўзинг,
Қошу кўзимсан, юртим-ей.