Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (БИРИНЧИ КИТОБ). Тохир Хабилов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (БИРИНЧИ КИТОБ) - Тохир Хабилов страница 45
Дадажонимизнинг шунақа беғамликлари ҳам бор эди. Бу фазилат бўлмаса-да, дадажонимизни айблашга бизнинг ҳаққимиз йўқ. Дадажоним ҳусни хулқ эгаси эдилар: бировнинг кўнглини оғритмаганлар, ҳамиша ҳаромдан жирканганлар, ҳалолликни ардоқлаганлар, ёлғон гапирмаган-лар, ғийбат қилмаганлар, ёмондан йироқ, яхшига яқин юрганлар, қўллари очиқ, саховатли эдилар, топганларини ўртада баҳам кўрардилар. Зиқналик нималигини билмасдилар. Хилм – мулойимлик, ширинсуханлик бисёр бўлгани ҳолда шижоат, қатъийлик, тадбиркорлик, чўрткесарлик фазилатларида етишмовчилик бор эди.
Бир мухбир менинг камчиликларим ҳақида қизиққанда: “Мен курашувчан эмасман. Адолатсизликни кўрганимда уни бартараф этиш учун курашмай, чекинавераман”, – деб айбимни тан олган эдим. Курашиш фазилати аяжонимда бор эди, бу борада мен дадажонимга тортганман.
Ҳаётларининг охирги йилини бот-бот эслаб, “ғайратсизликлари туфайли хасталикни енга олмадилармикин?” деб ўйлайман. Сабрга кўп даъват қилинади. Сабрли бўлиш бошқаларга муте бўлишни англатмайди. Кези келганда одам ўзини, оиласини, дўстларини ва ниҳоят Ватанини ҳимоя қилиши шарт. Бундай ҳолатларда ғайрат ва шижоат сабрга муқобил бўлмайди. Болалигимда бир воқеа кўнглимни ғоятда ранжитган эди. Эллик бешинчи йил эди шекилли. Тоғамникидан қайтаётгандик. Чорсуда бир трамвайдан тушиб, Кўкчага бориш учун иккинчисига чиқишимиз керак эди. Қоронғу тушиб қолган. Кўчада рўпарадан келаётган икки маст йигит хиралик қилди. Биттаси дадажонимнинг юзларига шапалоқ тортиб юборди. Дадажоним индамадилар. Тоғамнинг божалари ҳам бор эди, улар ҳам аралашмадилар. Дадажоним баланд бўйли, кучли эдилар. Ҳарбийда қилич ўйнатган билакдаги қувват ҳали тарк этмаган эди. Мен маст йигитларни ура-ура пачоқ қилиб ташлашларини истадим. Лекин… ўшанда бу шижоатсизлик бўлиб туюлган эди. Энди билсам, инсонийлик фазилати мукаммал бўлгани учун маст йигитлар билан ўчакишмаган эканлар…
1987 йилда Маданият вазирлигининг Санъат бошқармасида Бош муҳаррир вазифасида ишлардим. Москвага, бир ойлик малака ошириш ўқишига боришимни айтишди. Бунақа йиғинларни жиним суймаса-да, ноилож отландим. Бориб, СССР Маданият вазирлигининг ётоқхонасига жойлашдим. Қозоғистонлик ҳамкасбим билан ҳамхона бўлдим. Ўша кун-лари кутубхоначилар ҳам малака ошириш ўқишига келишган экан. Ҳамхонам сувга тушган балиқдай ҳузурланди-ю, маишат бўйича “малака ошириш”ни бошлаб юборди. Мен бир кечага аранг чидадим. Эртасига Ёзувчилар уюшмасининг Адабиёт жамғармасига бориб, шаҳар ташқарисидаги Голицино ижод уйига йўлланма сотиб олдим. Малака оширишдаги ўқув жараёни менга ҳеч қандай янгилик бермас экан, Москва театрларидаги тўрт-беш спектаклни кўриб, таҳлил қилиб, фикрларимни баён этиб бериш билан чеклансам