Ҳаёт қайиғи (3 китоб). Тохир Хабилов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Ҳаёт қайиғи (3 китоб) - Тохир Хабилов страница 34
Бир подшоҳ ўғлини донишманд тарбиясига берибди. Орадан ойлар ўтиб, унга “Донишманд ўғлингизни ғоят азобламоқдадир: аввал оч қўйиб, сўнг аёвсиз калтаклайдир”, деган хабарни етказибдилар. Подшоҳ дарров донишмандни чақиртириб, “Шу хабар ростми?” – деб сўрабди.
– Рост, – дебди донишманд. Сўнг мақсадини бундай изоҳлабди: – Ўғлингиз сиздан кейин мамлакатни бошқаради. Энди у очлик азоби нима эканини билади ва халқини ҳеч қачон оч-юпун қўймайди. У калтак азобини билгани учун ҳеч бир фақирни бекордан-бекорга жазоламайди, юртни адолат билан бошқаради.
Мен ҳам интизом азобини билганим учун аввалги тартибда иш юритмадим. Ижодкор учун интизом 10.00да келиб, 19.00да кетиш эмас, эшиттиришларни вақтида сифатли қилиб тайёрлаш, деган фикримда қатъий турдим.
Радиога “Совет Ўзбекистони”да, сўнг партия Марказқўмида ишлаган таниқли журналист Расул Раҳмон раҳбар бўлиб келган эдилар. У киши нечукдир Насиба опа билан чиқишмас эканлар. Насиба опа ҳам уни ёқтирмаганлари туфайли кўп мажлисларга мени юборардилар. Сезишимча, Расул аканинг бевосита хўжайинлари – Телерадио қўмитаси раиси билан ҳам муносабатлари яхши эмас экан. Ташқарида юриб, мен бу ҳолатни билмагандим. Иш бошлагач, ўзаро келишмайдиган учлик орасида муроса қилиб юришга мажбур эканлигимни англадим. Гап ташувчилар учун бундай ҳолатда ишлаш айни муддао. Лекин менда, Худога шукр, бундай иллат йўқ эди.
Расул ака ижодий жараённи тўғри тушунардилар, эшиттиришларга адолатли баҳо берардилар. Ижодкорларнинг ишини қадрлашни ҳам билардилар. Радиода иккита гапни эплаб ёзолмайдиган журналистлар ҳам ишларди. Расул ака уларни танқид қилиш баробарида ишдан бўшатишга қадар чора кўрардилар. Қобилиятсиз журналистларни вазифасидан озод қилиш раҳбарнинг адолатсизлигига кирмайди. Лекин ишдан бўшатилган одам ўзини ҳақоратланган ҳисоблайди. Шу туфайли раҳбарга қарши ўлароқ гуруҳлар пайдо бўлади. Расул акага қарши бўлган гуруҳлар аста-аста куч олаётган пайтда мен нашриёга ўтиб кетган эдим. Гуруҳ аъзолари Расул ака устидан шикоят ёзиб, “Қобилиятли ижодкор Тоҳир Маликнинг ишдан кетишига сабабчи бўлди”, деб ёзишибди. Хатга қўл қўйинг, деб олиб келишганда “Расул ака билан менинг ўртамда ҳеч қандай зиддият бўлмаган”, деб инкор қилгандим. Мактубдан имзомни олиб қўйиб, аммо айбловни қолдиришган экан. Хат Марказқўмга етиб боргач, текширув бошланди ва камина ҳам суҳбатга чорланди. Шунда мен радиодаги муҳитни оширмай, камайтирмай, бор ҳолича баён қилиб бердим.
Расул ака бу каби иғволардан бир қанча муддат азият чекиб юрдилар. Кейинроқ адолат қарор топиб, “Совет Ўзбекистони”га Бош муҳаррир ҳам бўлдилар.
Расул акадан пастроқ ҳисобланган раҳбарлар билан ҳам муносабатим яхши эди. Айниқса, Баҳодир Абдуллаев билан ака-укадек эдик. Баҳодир ака менинг инжиқликларимни ҳам, ҳазилларимни ҳам кўтарар эдилар. Гавдаларига яраша феъллари ҳам кенг эди.
Тоблари қочиб 3-4 кун ишга