мураббийлик қилиши мумкин эмасди. Шунга қарамай, туман мусобақаси ғолиби сифатида ўйинларни бошлаб юборган. Мен бу жамоанинг ўйинини тасодифан кузатдим, уларга қарши аввалдан ғайриниятим йўқ эди. Лекин ўйин пайтида тренернинг сўкинишлари диққатимни тортди. Бу одам болалар мураббийими ё кўчада ағанаб ётадиган майхўрми, ажратолмай қолдим. Жамоадаги қорачадан келган бир боланинг маҳорати кўпчиликнинг диққатини тортди. У рақибни алдаб ўтишни ёқтираркан. Шеригига ошириш ўрнига ҳам алдашга киришиб кетганда Базанов уни сўка туриб “Эртагаёқ “Динамо”йингга ҳайдайман”, деб бақирди. Маълум бўлдики, бу бола “Динамо” футбол мактабидан олинган экан. “Старт” билан “Динамо” ораси икки қадам йўл, демак, ундаги болаларнинг ярми ундан, ярми бундан. (Сўкиш эшитган боланинг номи эса Василис Хадзипанагис эди. “Пахтакор” тарихидан хабардорларга бу ном яхши таниш. “Пахтакор”нинг энг яхши ҳужумчиларидан бири бўлган Василис СССР олимпия терма командасига ҳам таклиф қилинган эди, шуҳрат шоҳсупасига энди чиққан кезлари ота-онаси билан она юрти Грецияга кўчиб кетиб, у ерда ҳам маҳоратини намойиш этди). Базановнинг “Союз” деб номланган жамоасида ғирромликни фош этиш учун шу далилнинг ўзи кифоя эди. Мен ҳам мухбир, ҳам “Чарм тўп” клуби марказининг аъзоси сифатида жамоани текшириш ҳуқуқига эга эдим. Текширув натижалари ўлароқ, бу жамоанинг мусобақаларда иштирок этиши мумкин эмаслигини исботлаб, газетага мақола ёздим. “Ғирромлик”ка доир фикрларимни баён қилиб, ўтган йилги шармандаликни ҳам эсладим. Мақола газетада чиққач, “Шайба”нинг мухлисларими ё ҳомийларими, ҳар ҳолда эски шаҳарлик йигитлардан тўрт-бештаси таҳририятга келиб, каминани дўппосламоқ учун кўчага бошлаб чиқиб, бино панасига олиб ўтишди. Мен “Мақолани яхши тушунмабсизлар, у “Союз”га қарши ёзилган. У мусобақадан олиб ташланса, “Шайба”нинг йўли очилади”, деганимдан сўнг, калтакдан қутулиб қолдим. Газетадаги мақола муҳокама қилингани билан, шаҳар комсомоли жумҳурият биринчилигига “Союз”ни юборадиган бўлди. Мен “Мандат комиссияси”да бу жамоанинг ғирромлигини айтганимдан сўнг, ўйлай-ўйлай, “Шайба”ни ҳам мусобақага қўйишди. Лекин мусобақа ниҳоясида “Шайба” конкурсдан ташқари ўйнаган эди, деган тўхтамга келиб, Ростов-Дон шаҳрида ўтказиладиган Бутуниттифоқ мусобақасига “Союз”ни юборадиган бўлдилар. Муҳарримизнинг қарори билан мен бу жамоага мухбир сифатида қўшилдим. Шундай қилиб, йигирма ёшимда узоқ шаҳарга биринчи ижодий сафарга қувона-қувона отландим. Қувончим футбол мусобақасидаги иштироким туфайли эмас, айнан Ростов-Дон шаҳрига, русларнинг улуғ адиби Михаил Шолохов юртига бораётганимдан эди. Халқаро Нобель мукофоти билан тақдирланган “Тинч оқар Дон” романида тасвирланган жойларни, ундаги жасур казакларнинг авлодини кўриш мен учун ғоят қувонарли бўлиш билан бирга “Эҳтимол, шаҳарда Шолоховни узоқдан бўлса ҳам кўриб қоларман”, деган орзу мавжуд эди.
Аэропортда тўдаланиб турган ота-оналарни кўрдим. Фарзандларини кузатишга чиққан ота-оналарнинг