Ҳаёт қайиғи (2 китоб). Тохир Хабилов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Ҳаёт қайиғи (2 китоб) - Тохир Хабилов страница 24
– Бу кўзбўямачилик ҳақида бошқаларга гапириб юрманг. Биз ўзаро маслаҳатлашиб, жамоани жазоламасликка қарор қилдик. Болаларда айб йўқ, майли, ўйнаб, ўзларини кўрсатишсин. Бу ғирромлик билан кейинроқ шуғулланишади, – деди.
“Мандат комиссияси”дан осонлик билан ўтганига қувонган Базанов ўзини келгусида нималар кутаётганини тасаввур ҳам қилмасди. Эртасига комсомол марказқўми вакили ҳужжатларни олиб келди. Мен уни “Штаб”га бошладим. Масъул ходим ҳужжатлар тўпламини олди-ю, кераксиз қоғоздай стол четига ташлаб, “ўйнанглар, жасорат кўрсатинглар”, деб қўйди. Лоақал битта боланинг ҳужжатини қўлига олиб назар ташламаганидан комсомол вакили ажабланди, Качалинга берган ваъдамда туриб, унга вазиятни тушунтирмадим.
Елена – Лола опа
Ўша куни болалар ётган хонага кириб, уларнинг қандай жойлашишгани билан қизиқишди. Хонага ўн олти каравот қўйилган эди. Низомга кўра, ўн беш ўйинчи ва бир тренер келиши лозим эди. Мен, комсомол вакили ва Базановнинг тренер дўсти ортиқча эдик (Кейин маълум бўлишича, бу дўст “Динамо” футбол мактабида тренер экан. Барча ғирромликларни улар ҳамкорликда амалга оширган эканлар). Бизга жой бўшатиш учун айрим каравотларга иккитадан бола жойлашганди. Уч кишини кўчага ҳайдашмади, меҳмондўстлик одобига риоя қилиб, бу ердан унча узоқ бўлмаган ёш туристлар уйига юборишди. “Штаб”нинг қарорига кўра, болалар билан Базанов эмас, комсомол вакили қолди. Ёш туристлар уйи бир неча катта хонадан иборат, ҳар хонага ўттизтадан каравот қўйилганди. Аммо каравотлар болаларга мўлжаллангани учун узун бўйли бўлган камина сиғмас эдим. Иккита каравотни узунасига бирлаштириб, ўзимга “шоҳона” ўрин тайёрладим. Кеч киргач, Базанов “болалардан хабар оламиз”, деб ошнаси билан бирга кетди. Мен уларни хавотир билан кутдим. Соат тунги ўн икки эди, бир жувонни бошлаб қайтишганда уларнинг бола баҳонасида қаерларда санқиганларини англадим. Ўзимни уйқуга солиб ётавердим. Хоналар ораси фанер билан ажратилган экан, биттасини кўчириб, менга ҳалал бермаслик учунми ё бузуқликларини яшириш мақсадидами, нариги хонага ўтишди. Мен қурилишдаги даюс қоровул, унинг хотини ва Шомилни ҳар эслаганимда нафратим янгиланарди. Бу тун ундан баттар ҳолга тушдим. Уларнинг ҳингир-ҳингирлари эсимни тескари қилиб юборди. Улар хонага қайтиб, хурракларини бошлашди, камина тунни уйқусиз ўтказдим. Номус ва бузуқлик ҳақида аввалроқ фикр юритиб эдим, шу боис болаларнинг ўша икки тренерини лаънатлаш билан чекланаман.
Эрталаб кўзим илинибди. Уйғониб қарасам, улар кўринишмади. Болаларни биринчи ўйинга тайёрлаш мақсадида барвақтроқ кетишгандир. Ҳовлига чиқиб, кранда ювиниб қайтаётганимда ўрта ёш бир аёл мени чақириб, “Ўғлим, кел, мен билан чой ичгин”, деб таклиф қилди.
Иккита оқ қайин оралиғига