АБУ АЛИ ИБН СИНО Биринчи китоб. РАҲИМ АБДУЖАЛОЛ
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу АБУ АЛИ ИБН СИНО Биринчи китоб - РАҲИМ АБДУЖАЛОЛ страница 13
– Оҳ, тақсир, ким келар экан, деб безовта эдим, – оқсоқол қучоқ очиб кўришди. – Амирликдан тафтишчи келур, деганларидан буён аҳвол шу.
– Ота, аввалгидек Абдуллоҳ деяверинг.
– Энди мартабангиз улуғ, ўғлим. “Тақсир” деб мурожаат қилмоқ жоиздур.
– Ота…
– Ичкари кирайлик. Узоқ йўлдан толиқиб келдингиз.
Мусожон оқсоқолнинг уйи ичкари-ташқари ҳовлили. Улар ташқари ҳовлидаги меҳмонхонага киришди. Томсувоқ, шифти вассажуфтли бу хонада бир пайтлар Абдуллоҳ қўним топган. Шу уйда яшаб, атроф қишлоқларда амирликнинг хирож мулозими вазифасини бажарган. Энди эса ўзи Хурмитанга йўллаган мулозим ишини тафтиш қилади. Жаббор ибн Азларнинг деҳқонларга қилган ноҳақликларини девонда айтган эдилар. Абдуллоҳ Мусожон оқсоқолдан бу арзномаларнинг асл сабабини билиб олишни истарди.
– Ота, Хурмитанлик деҳқонлар девонга арз билан борибдурлар, – деди чой ичиб ўтирганларида ўсмоқчилаб.
Мусожон оқсоқол қўлидаги пиёлани айлантирганича ўйланиб қолди. Нигоҳини дастурхонга қадаб, оғир-босиқлик билан сўзлай бошлади.
– Аввало, қишлоғимиз фуқароларининг Бухорога борганларидан хижолатдамен…
– Фуқаронинг талаби ҳақ бўлса, бу гуноҳ эмас, ота.
– Шундай, тақсир. Хирож қоидаларин сиздан яхши биладургон киши йўқдур. Шуларга амал қилинмагани рост.
– Ота, бу қандай бўлди? Сабабини аниқ айтинг?
– Биласиз, қишлоғимиз одамлари пахта, буғдой, кунжут, зиғир, нўхот, айрим ҳудудларда шоли экиб деҳқончилик қиладилар. Ҳосилнинг учдан бир қисми хирожга тўланмоғи амирлик девонидан белгиланган. Жаббор ибн Азлар ана шу қоидага риоя қилмадилар. Солиқдан ташқари яна олтин, кумуш тангалар йиғиб олинди. Ҳосили яхши бўлмаган деҳқонлардан ҳам ана шундай маблағ талаб қилинди.
Абдуллоҳ оқсоқолнинг фикрларини эшитди-ю, шу хусусда анча пайт ўйланиб ўтирди. Жаббор ибн Азларни Хурмитанга юборганига яна бир бор афсусланди. Демак, девонга арз билан борган деҳқонлар ҳақ бўлишган. Ахир, шунчалар ҳам инсофсизлик бўладими! Ҳосил ололмаган деҳқон бола- чақасини нима билан боқади? Бунинг устига, солиқчи улардан олтин, кумуш тангалар талаб қилса-я!
Абдуллоҳ буларнинг барини деҳқонларнинг ўзларидан эшитиб билмоқчи бўлди. Оқсоқол билан суҳбатларидан кейин шу мақсадда далага чиқди. Шомгача бир нечта деҳқон билан учрашди. Улар ҳам оқсоқолнинг гапларини тасдиқлашди.
Шом аввалида оқсоқолнинг уйига ҳовлиққанича Жаббор ибн Азларнинг ўзи кириб келди. Ҳеч нарсадан хабари йўқдек Абдуллоҳ билан қучоқ очиб сўраша кетди. Бироқ, унинг сохта муомаласи остига яширинган кибру ҳаво шундоққина билиниб турар эди. Унчалик ҳам узоқ давом этмаган суҳбатлари асносида Абдуллоҳ бор гапни тўкиб солди. Девондан топшириқ берилгани, вазият қанчалик қалтислигини