ГИНГЕМАНИНГ ҚИЗИ Биринчи китоб. С. Сухинов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу ГИНГЕМАНИНГ ҚИЗИ Биринчи китоб - С. Сухинов страница 10
– Сурбет қизча, – тўнғиллади жодугар. – Биз ҳали сабоқни тугатганимиз йўқ!
– Эртага тугатармиз, – Корина ғаройиб зангори кўзларини юмиб эснади. – Жуда чарчадим, дам олгим келяпти. Нарк, мен билан юр.
Қашқир норозилик билан бошини сарак-сарак қилди, лекин барибир харсангтош ёнига бориб, ерга ястанди. Корина тош устига чиқиб, қашқирнинг белига миниб олди.
– Хайр, онагинам! – шодон қичқирди қизча ва Гингемага ҳаво орқали ўпич йўллаб, ўрмонга елиб кетди.
Жодугар унинг ортидан ўйчан тикилиб қолди.
– Эҳ, бекор шу ишни қилдим, – шивирлади у. – Энди бу афсунни ортга қайтариб бўлмайди… Майли, айб қизалоғимнинг ўзида! Лекин хоҳлайдими, йўқми, барибир жодугарликни ўрганишга мажбур қиламан. Бунинг учун энди керагидан ҳам ортиқ вақти бор.
Орадан бир йил ўтди, кейин бошқаси. Корина ҳар доимгидай кунларини эртадан кечгача ўрмонда ўтказар, Нарк билан шодон қувалашар, бўккунича тармева еб, ўрмон ҳайвонлари билан турли ўйинлар ўйнаб юрарди. У бир нечта олмахонлар, тулкичалар ва типратиканлар билан дўстлашиб олган, улар қизчани ёнғоқлар билан, маймунжонлар ва энг мазали қўзиқоринлар билан сийлашади. Сеҳрли афсунлар билан у ҳамон чала-чулпа шуғулланади, лекин Гингема бунинг учун энди танбеҳ бермай қўйган.
Охир-оқибат Корина ўзининг ўсмай қўйганини пайқаб қолди. Йиллар ортидан йиллар ўтиб боряпти-ю, эгнидаги кўйгаги ҳали ҳам ўзига лоп-лойиқ, ковушчалари ҳам оёғини қисмаяпти. Бу ҳолдан ташвишга тушиб қолган қизча ўн бир ёшга тўлган кунида ўзининг бўйини ўлчаб, қорақарағай дарахтига белги ўйиб қўйди. Бир йилдан кейин эса юрагида қандайдир ҳавотир билан қорақарағай ёнида туриб, ўзининг бўйини ўтган йилги чизиққа чамалаб кўрди. Қарасаки, ҳали бир бармоқ энича ҳам ўсмабди. Ҳолбуки, у энди ўн икки ёшда эди!
У Наркнинг устига миниб, ғор томонга елиб кетди ва Гингемани сафарга тайёрланаётган пайтида учратди. Жодугар йилда бир неча марта Сариқ ва Бинафша ўлкалар ўртасида жойлашган қалин ўрмонларга йўл оларди. Қадимий афсоналарга кўра, Торннинг қасри ўша ерларда бўлган экан, лекин ҳеч ким, ҳатто ҳамма жойда ҳозиру нозир қушлар ҳам уни кўришмаган экан.
“Қаср афсунлаб қўйилгани аниқ, – ўйларди Гингема. – лекин модомики менинг опагинам бир марта у ерга кириб, афсунлар китобини ўғирлашга муваффақ бўлган экан, нега энди мен шундай қилолмаслигим керак?”
– Мени нима қилиб қўйдингиз, тавия кампир? – чинқирди Корина қашқирнинг устидан сакраб тушганича, тугунчасига сеҳрли дамлама ҳамда суртмалар солинган шиша идишларни ва қутичаларни жойлаётган Гингеманинг ёнига югуриб келиб. – Мен ахир ўсмай қўйибман-ку?! Умуман улғаймаяпман!
– Ўсяпсан, ўсяпсан, – кулиб қўйди тугунчасини тугиб турган Гингема. – Абадий ёшлик сири фақат Стеллага маълум. Мен бу афсундан хабардор эмасман. Аммо сен бошқа Тамшанувчиларга қараганда, ўн марта секинроқ улғаясан, икки юз йилдан кейин эса вояга етасан. Балки шу давр мобайнида сен балки