Ёзувчи учун атир. Неъмат Арслон
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Ёзувчи учун атир - Неъмат Арслон страница 20
– Ака…
Ширвоннинг овози жуда узоқдан, вақт девори ортидан эшитилди. Бош кўтармадим. Сукутга бордим. Укам истиҳола қилар ва афтидан, гапни нимадан бошлашни билмасди. Ниҳоят, узоқ жимликдан кейин у яна тилга кирди:
– Ака, нима учун бундай қиласиз?.. Одамлар маломат қилишяпти. Онамиз бечора оҳ уриб, “бобосига тортди” дейдилар-у , қандай қилиб бобомизга тортганингизни тушунтирмайдилар. Докторлар бўлса “у кишини уйлантириб қўйиш керак”, дейишяпти…
“Маломат” ва “докторлар” деган сўзларни эшитиб, укамга раҳмим келди. У адабий тилда гапиришга ҳаракат қиларди. Менга ёқиш учун, албатта. Маънодор бош тебратиб унга далда бердим. Шууримда эса “Қанчалар буюк бўлмай, мен акангман ахир, нега мендан чўчийсан?” деган сўзлар йиғиндиси. Жигаргўшамни қўрқитиб юбормаслик учун юз ифодамни кескин ўзгартирдим ва кўзларимга ёқимли ифода бериб бош кўтарарканман, укам шошқин бир ҳаракат билан ўрнидан туриб ортига тисарилганча, эшик томон чекинди. Ҳақиқий буюклик билан юзма-юз келганлиги ва ўзини ожиз сезиб чекинаётганлиги унинг кўзларидан яққол кўриниб турарди. Укамнинг ўрнида бошқа ҳар қандай киши бўлганда ҳам шундай қиларди, албатта. Неча йиллардан буён уни кўрмагандим. Озиб-ёзиб бир келган жигаргўшамнининг бундай тарзда чиқиб кетишини истамасдим. “Қўрқма, Ширвон, мен аканг Тавошарман”, деганча ўрнимдан турдим-да, уни бағримга олиш ниятида қучоғимни кенг очиб, бир неча қадам қўйдим. Ва бу бахтли оннинг лаззатини олдиндан чуқурроқ ҳис этиш учун кўзларимни юмиб олдим. Эшик тарақлаб кетди. Кўзимни очиб қараганимда Ширвон жон ҳалпида қочиб борарди…
3
Тажриба ўтказиш ва кузатишлар мени обдан толиқтиради. Ўзимни бирозгина чалғитиш мақсадида Вақт девори кемтигидан бўйлаб қарайман. Болалик дунёсида қолиб кетган манзаралар. Ҳамма нарса оддий ва ибтидоий: Кекса тут дарахти, ёлғизоёқ йўл, тахта кўприк… Барчасида шафқатсиз вақт тамғаси бор. Кўксимни деворга маҳкам босиб турибман.