Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари. Артур Конан Дойл
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари - Артур Конан Дойл страница 8
– Демак, бугун кечаси бу ерда юз берган воқеалардан Элриж фермасидагилар бехабар бўлишлари ҳам мумкиндир-а?
– Ҳа, эшитмаган бўлишлари керак, сэр.
Холмс ўйланиб қолди, сўнг бирдан чеҳрасида муғамбирона жилва пайдо бўлди.
– Қани, отни эгарла йигитча! – деди у. – Мен хат ёзаман, уни Элриж фермасига элтиб берасан.
Холмс чўнтагидан раққос одамларнинг тасвири туширилган бир неча варақ қоғоз олди. Сўнг кабинетга кириб, уларни стол устига ёйди-да, ўтириб ишга тушиб кетди. Ниҳоят хат тайёр бўлди; Холмс уни отбоқар шогирдининг қўлига тутқазиб, буни хатда номи ёзилган одамнинг шахсан ўз қўлига топширасан, лекин ҳеч қандай саволга жавоб бермайсан, деб тайинлади. Хат устидаги манзилга кўзим тушди – у Холмснинг одатдаги равон дастхатига мутлақо ўхшамас, қинғир-қийшиқ ҳарфлар билан ажи-бужи қилиб ёзилган эди. Манзилда «Норфолкдаги Ист-Рэстон, Элриж фермаси, мистер Аб Сленига» деган сўзлар бор эди.
– Менимча, инспектор, – деди Холмс, – сиз ҳозир телеграф орқали соқчи чақиртиришингиз керак, чунки агар тахминим тўғри чиқса, ўта хавфли жиноятчини вилоят қамоқхонасига жўнатишингиз лозим бўлади. Хатимни олиб кетаётган бола бир йўла сизнинг телеграммангизни ҳам жўнатиши мумкин. Биз шаҳарга тушдан кейин ўтадиган поездда қайтамиз, Уотсон, чунки бугун кечқурун мен бир қизиқарли кимёвий тажрибамни албатта ниҳоясига етказишим керак. Бизни бу ерга бошлаб келган иш эса, ҳадемай ечилади.
Шогирд бола от чоптириб кетгандан кейин, Шерлок Холмс ҳамма хизматкорларни йиғди.
– Бу хонадонга ташриф буюрган ва миссис Хилтон Кьюбиттни кўришни истаган ҳар қандай одамни дарҳол тўғри меҳмонхонага бошлаб боринглар, – деб тайинлади у. – Лекин бу ерда содир бўлган воқеа ҳақида чурқ этиб оғиз оча кўрманглар. Буйруғимни мутлақо бехато бажаришингизни талаб қиламан.
Кейин у меҳмонхона сари йўл оларкан, энди қолган ишни бизсиз бажараверишади, бизнинг вазифамиз тузоғимизга қандай илинишини сабр қилиб кутишдан иборат, деб илова қилди. Доктор беморларни даволагани жўнаб кетди. Холмснинг олдида фақат мен-у, инспектор қолдик.
– Энди сиз билан биз қолган вақтни қизиқарли ва самарали ўтказишга уриниб кўрамиз, – деди Холмс стулини столга яқин суриб ўтираркан; у ёнидан раққос одамчаларнинг тасвири туширилган бир талай қоғоз олиб стол устига ёйди. – Азизим Уотсон, сизнинг олдингизда ўз айбимни ювишим керак: мен синчковлигингизни қўзғаб қўйдим-у, лекин жумбоқнинг сирини очмай, узоқ вақт ғашингизга тегдим. Сиз учун эса, инспектор, бу ишлар касбингизни такомиллаштиришда ғоят ажойиб сабоқ бўлади. Даставвал мен сизга мистер Хилтон Кьюбитт билан Бейкер-стритдаги учрашувларим ҳақида сўзлаб беришим керак.
Шундан кейин у бизга маълум бўлган воқеаларни инспекторга қисқача сўзлаб берди.
– Мана, кўз олдимда аломат расмлар ётипти, агарда булар даҳшатли фожиа даракчиси бўлмаганида, кўрган одамнинг кулгисини қистатарди. Мен хуфия ёзувларнинг барча турларини биламан, ўзим ҳам бу соҳада