Алвидо, қурол. Эрнест Миллер Хемингуэй
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Алвидо, қурол - Эрнест Миллер Хемингуэй страница 3
Кечқурун шаҳарга тушиб, мен офицерлар кирадиган исловатхонанинг деразаси олдида ўртоғим билан бир шиша асти ичиб ўтирардим. Ташқарида қор ёғар ва биз унинг оғир ва шошилмай ёғаётганига термилиб ўтириб, қор бу йилги ишларга ҳам ёғаётганлигини англардик. Дарёнинг юқори қисмидаги тоғлар қўлга киритилмади; дарё орқасидаги тоғларнинг ҳам биронтаси эгалланмади. Буларнинг бари келаси йилга қолади. Оғайним кўчада балчиқлардан оҳиста ўтиб бораётган полкимизнинг руҳонийсини кўриб қолди-да, деразани чертиб уни чақира бошлади. Руҳоний бошини кўтарди. У бизни кўргач, жилмайди. Оғайним уни бармоғи билан имлади. Руҳоний бошини лиқиллатиб, ўтиб кетди. Кечқурун офицерлар ошхонасида спагетти еб бўлингач, спагеттини ҳамма жиддий қиёфада ўтириб, вилкага осилтириб илиб оларди-да, шошапиша дамини чиқармай ичига тортар, кейин эса кажава идишга солинган винодан ҳўпларди. Вино солинган кўза металл токча устида чайқалиб турар, кимга керак бўлса, кўрсаткич бармоғи билан унинг бўғзини энгаштирар, шунда стакан тип-тиниқ, ўткир ва ёқимли арғувоний май билан тўлиб чиқарди, спагетти еб бўлингач, капитан кашишнинг жиғига тега бошлади.
Кашиш ёш эди ва сал нарсага дарров қизариб кетарди, у ҳаммамиз қатори форма кийган, фақат кулранг френчининг сўл кўкрак чўнтаги устида тўқ қизил духобадан салб қадалган эди. Капитан мени назарда тутиб, италянчани бузиб-нетиб гапирар, чамаси, шундай қилсам, гапимни яхши англайди, деб ўйларди.
– Руҳоний бугун ойимчага борди, – деди капитан дам кашишга, дам менга қараб. Кашиш жилмайди ва қизариб кетди, бошини чайқаб қўйди. Капитан у билан ҳазил-мазах қилишни яхши кўрарди.
– Йўқ, денг-чи? – деди капитан. – Мен руҳонийни ойимчада кўрдим.
– Йўқ, – деди кашиш. Бошқа офицерлар капитаннинг майнабозчилигига қўшилиб ўтиришарди.
– Руҳоний ойимчага йўқ, – унамасди капитан. – Руҳоний ойимча билан ҳеч қачон, – тушунтирди у менга. У стаканимни олиб мендан кўз узмай, айни чоғда кашишга ҳам қараб-қараб қўйиб, тўлдириб берди.
– Руҳоний ҳар кечаси ўзини ўзи… – Ҳамма кулиб юборди. – Сиз тушундингизми? Руҳоний ҳар кечаси ўзини ўзи… – Капитан қўли билан қилиб кўрсатди-да, хахолаб кулди. Кашиш буни ҳазилга йўйиб ўтирарди.
– Папа урушда австрислар ютиб чиқишини