Алвидо, қурол. Эрнест Миллер Хемингуэй
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Алвидо, қурол - Эрнест Миллер Хемингуэй страница 7
Мен йўқлигимда ишлар бирмунча ўнгланиб кетгандай кўринарди. Қулоғимга тезда ҳужумга ўтсак ажабмас, деган гаплар чалинди. Биз хизмат кўрсатадиган дивизия дарёнинг юқори томонларида ҳужум қилиши белгиланган эди, шунинг учун майор менга постлар ҳужум пайтига тайёр турсин, деб тайинлади. Ҳужум қилувчи қисмлар даранинг юқорироғида дарёдан кечиб, тоғ этаклари бўйлаб ёйилиши керак эди. Машиналар турадиган постлар иложи борича дарёга яқин бўлиши, панада жойлашиши шарт эди. Жойларни, албатта, пиёда қисмлар кўрсатиши керак бўлиб, режани эса биз ишлаб чиқишимиз кўзда тутиларди. Бу биз ҳам ҳарбий фаолият олиб бораётганимизни кўрсатувчи хўжа кўрсинга қилинадиган тадбирлардан эди.
Ҳамма ёғим чанг-чунг, лойга ботиб қайтдим, ювиниб олиш учун хонамга кўтарилдим. Ринальди Хюгонинг инглиз тили грамматикасини қўлида тутиб, каравотда ўтирган экан. У бошдан-оёқ кийинган – оёғида қора туфли, сочи ялтирар эди.
– Тасанно, – деди у мени кўриб. – Сиз мен билан бирга мисс Барклининг олдига меҳмонга борасиз.
– Йўқ.
– Ҳа. Сиз борасиз, чунки мен буни сиздан ўтиняпман, яна бир гап, унга ёқишга ҳаракат қилинг.
– Ҳай, майли. Сал одамбашара бўлиб олай унда.
– Ювининг-да, шундоқ бораверинг.
Мен ювиндим, сочимни тарадим, йўлга отландик.
– Шошманг, – деди Ринальди, – озгина ичиб олсакмикин дейман, – у сандиқчасини очиб, ичидан шиша олди.
– Фақат стрега ичмаймиз, – дедим мен.
– Йўқ. Граппа.
– Майли.
У икки стаканга қуйди ва биз кўрсаткич бармоқларимизни чиқариб, уриштирдик. Граппа жуда ҳам ўткир эди.
– Яна биттаданми?
– Майли, – дедим мен. Граппанинг иккинчи стаканини ҳам ичиб олдик. Ринальди шишани олиб қўйди, биз пастга тушдик. Шаҳардан кета туриб исиб кетдик, лекин қуёш ботиб бормоқда эди, ўзимизни енгил ҳис қилардик. Инглиз госпитали уруш арафасида алла қандай бир немис қурган каттакон виллада жойлашганди. Мисс Баркли боғда экан. Унинг ёнида яна битта ҳамшира бор эди. Биз дарахтлар орқасидан уларнинг оқ кийимларини кўрдигу, тўғри олдиларига боравердик. Ринальди ҳарбийча салом берди. Мен ҳам шундай қилдим, лекин ўзимни босиқроқ тутдим.
– Салом, – деди мисс Баркли. – Сиз, италиялик эмассиз, шекилли?
– Ҳа.
Ринальди бошқа ҳамшира билан гаплашаётган эди. Улар ҳиҳилашди.
– Италия армиясида хизмат қилиш – ғалати-я.
– Буни армия демаса ҳам бўлади. Бу санитар отряди, холос.
– Барибир ғалати туюлади. Нега бундай қилдингиз?
– Билмадим, – дедим мен. – Сўз билан англатиб бўлмайдиган нарсалар бор.
– Ростдан-а? Менга бўлса, бунақа нарсалар йўқ, деб ўргатишган.
– Хўп қилишган экан.
– Албатта шу йўсинда