Алвидо, қурол. Эрнест Миллер Хемингуэй
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Алвидо, қурол - Эрнест Миллер Хемингуэй страница 8
– Тушундим.
– Сиз ҳеч севганмисиз?
– Йўқ, – дедим мен.
Биз «эшак»ка ўтирдик ва мен унга қарадим.
– Сочингиз чиройли экан, – дедим мен.
– Сизга ёқдими?
– Жуда.
– У ўлганда кесиб ташламоқчи бўлувдим.
– Қўйинг-э.
– Унинг хотирасига шундай қилмоқчийдим. Мен бундай нарсаларга аҳамият бермасдим; агар у истаса, мен ундан ҳеч нарсамни аямасдим. Агар сал фаҳмига етсайдим, у истаган нарсасига эриша оларди. Мен унга турмушга чиққан бўлардим ёки турмушга чиқмай ҳам кўнглини олардим. Энди мен буларнинг барини тушунаман. Лекин ўшанда у урушга кетадиган эди, мен эса ҳеч нарсани тушунмасдим, фаросатим етмасди.
Мен индамай қулоқ солиб турдим.
– Мен у пайтда умуман ҳеч нарсага тушунмасдим. Мен шундай қилсам, унга ёмон бўлади, деб ўйлардим. Мен у бунга бардош бериб кетолмайди дердим. Кейин уни ўлдиришди, энди ҳаммаси тамом бўлди.
– Ким билсин.
– Ҳа, ҳа, – деди у. – Энди ҳаммаси тугади.
Биз бошқа ҳамшира билан гаплашаётган Ринальдига қарадик.
– Унинг оти нима?
– Фергюсон. Эллен Фергюсон. Сизнинг дўстингиз, врач, шундайми?
– Ҳа. У жуда ҳам яхши врач.
– Қандай яхши. Фронт яқинида яхши врачлар камдан-кам учрайди. Бу фронт яқини-ку ахир, шундай эмасми?
– Албатта.
– Аҳмоқона фронт, – деди у. – Лекин бу ер жуда чиройли экан. Нима, ҳужум бўлармишми?
– Ҳа.
– Роса ишимиз кўпаяркан-да. Ҳозир ҳеч қандай иш йўқ.
– Сиз анчадан бери ҳамшира бўлиб ишлайсизми?
– Ўн бешинчи йилнинг охиридан бери. У кетиши биланоқ мен ҳам кетдим. У мен ишлайдиган госпиталга тушади, деб ўйлайманми тентак бўлмасам. Қилич зарбидан ярадор бўлиб, боши дока билан ўралган бўлади, деб юрибман. Ёки елкасини ўқ тешиб ўтади, дебман. Шунга ўхшаш романтик хаёлларда юрардим.
– Энг романтик фронт шу ерда, – дедим мен.
– Ҳа, – деди у. – Одамлар уруш Францияда қандоқ бўлишини тасаввур ҳам қилолмайдилар. Агар тасаввур қилганларида, бу узоқ давом этмаган бўларди. У қилич зарбидан яралангани йўқ. У парча-парча бўлиб кетди.
Мен индамадим.
– Сиз бу узоқ давом этади, деб ўйлайсизми?
– Йўқ.
– Охири нима бўлади?
– Бирон ерда чирт узилади-кетади.
– Биз узиламиз. Биз Францияда узиламиз. Соммдагига ўхшаш қилғиликни қилиб қўйиб ҳам узилмай бўладими?
– Бу ерда узилмайди, – дедим мен.
– Наҳотки?
– Ҳа. Бултур ёз ишлар ёмон бўлмади.
– Узилиши мумкин, – деди у. – Ҳамма ёқда узилиши мумкин.
– Немисларда ҳам.
– Йўқ, – деди у. – Ундоқ эмас.
Биз Ринальди билан миссис Фергюсоннинг олдига бордик.
– Сиз Италияни севасизми? – деб сўрарди мисс Фергюсондан