Ахлоқи кабир. Аристотель
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Ахлоқи кабир - Аристотель страница 25
Ёки бўлажак шоирлар ўша юқорида айтиб ўтилган аввалги икки табақа шоирлар ва улар феълларига тақлид қилувчилар бўладилар. Булар ўша аввалги иккала табақа шоирлар йўли – ижодини ёдлайдилар. Бу турдагиларнинг ўзларида туғма шеърий табиати бўлмаган ҳолда, шеърий санъат қонун-қоидаларидан хабардор бўлиб туриб, ташбиҳ – ўхшатиш ва тамсил – метафоралар кетидан борадилар. Йўлдан адашадиган ва тоядиган шоирларнинг кўпчилиги худди мана шу табақа шоирлар ичидан чиқади.
Энди биз сенга айтсак, ўша юқорида айтиб ўтганимиз уч тоифа шоирлар ҳар бири ижодда ё табиийлик, ё мажбурийликдан холи бўлмайди. Бундай дейишдан кўзлаган мақсадим шуки, бир шоир кўпинча мадҳияга ва ё бир яхши сўз айтишга табиатли бўлса, баъзан вазият уни ҳажвий ва бошқа турда шеър айтишга ҳам мажбур қилиб қолади. Айтайлик, бир шоир шеърият навларининг маълум бир навида ижод қилиш санъатини танлаб олган ва ўзини шу хилдагина шеър ёзишга одатлантирган бўлса, баъзи ҳолларда танлаб олмаган турларда ҳам шеър ижод қилишга тўғри келади, бу эса унинг учун ўзи ижод қилишга одатланган шеър турига нисбатан бошқа бир навда мажбурий битилган шеър бўлади. Бу мажбурият ё ички, ё ташқи сабаблар билан бўлади. Аммо шоирнинг энг яхшиси, туғма шоир бўлгани саналади.
Сўнгра шоирларнинг шеър ижод қилиш борасидаги аҳволи камолотга етишгани ва етишмагани жиҳатидан турлича бўлади. Бу эса ё ғоя жиҳатидан, ё бўлмаса мавзу жиҳатидан шундай бўлиши мумкин.
Аммо ғоя жиҳатидан олган тақдиримизда, улар шеърга баъзан ёрдам берса ҳам, баъзида унга ёрдам беролмай қолади. Бунга баъзан руҳий (нафсоний) кайфиятлар сабаб бўлади. Шунда у руҳий кайфиятлар устун келади, ё бўлмаса баъзан ўзи унга муҳтожлигидан тушкунликка учраб, пасайиб кетади.
Аммо бу бобдаги текширишларимиздан мақсад бу масаланинг ипидан-игнасигача синчиклаб аниқлашдан иборат эмас, чунки буларнинг ҳамма си ахлоқ ва руҳий кайфиятлар тавсифлари ҳамда уларнинг ҳар бирининг (инсон руҳига) алоҳида таъсири ҳақида битилган китобларда керагича баён қилинган.
…Шоирнинг етук ва етукмаслиги ҳақидаги мулоҳаза ўша ўхшатишнинг (ҳақиқатга) яқин ё узоқлигига боғлиқ бўлади.
Баъзан шунақаси ҳам бўладики, шеър санъатида энг орқада қолган шоир ҳам юқори даражада ажойиб шеър яратиши мумкин, ҳатто бу соҳада билағонлар ҳам унга тенг келадиган нарса (шеър) яратолмаслиги мумкин. Лекин шуниси борки, бунга сабаб бахт ва тасодифнинг тўғри келишидан бўлади. Лекин ундай одам (қанчалик ажойиб шеър ёзган бўлмасин) бу ёзган шеъри билан сўз санъаткори деган номга сазовор бўлолмайди.
Ташбиҳ даражалари турлича бўлади. Шу жиҳатдан қараганимизда ўхшатишнинг яқин ва муносиб бўлмоғи мавзуга