Ахлоқи кабир. Аристотель
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Ахлоқи кабир - Аристотель страница 22
Аммо, биринчидан, бу танқид поэзияга эмас, актёрлик санъатига дахлдордир. Ошиқча қилиқлар рапсодда ҳам учраши мумкин. Масалан, Сосистрат шундай бўлган. Ярашмаган қилиқларни лирик қўшиқлар ижрочиси опунтлик Мнасифей ҳам қилар эди. Сўнгра, (иккинчидан) умуман гавда ҳаракатларини инкор қилиш тўғри эмас. Акс ҳолда рақсни ҳам рад этиш керак бўлади. Бироқ истеъдодсиз актёрларнинг гавда ҳаракатларини инкор этиш керак, албатта. (Илгарироқ) Каллипидни ҳам, бошқа актёрларни ҳам эркин аёлларни ўхшатиб ўйнаёлмагани учун танқид қилинган ва ҳозир ҳам танқид қилинмоқда.
(Учинчидан) трагедия ҳар қанақа (ортиқча) ҳаракатларсиз ҳам ўз вазифасини эпопеядай бажара олади. Трагедияни ўқиганда ҳам унинг қандайли гини билиш мумкин. Шунинг учун ҳам трагедия барча жиҳатлардан устун экан, бу танқидни рад этиш мумкин. Қолган барча соҳаларда трагедия юқори мавқега эга. (Биринчидан) Эпопеяда бор ҳамма нарса трагедияда ҳам бор: у эпопеянинг вазнидан фойдаланиши мумкин; мусиқа ва театр жиҳозлари ҳам унинг бирмунча қисмини ташкил этади. Шу туфайли одамлар жуда катта лаззат оладилар. (Иккинчидан) трагедия ўқилганда ҳам, (саҳнада) қўйилганда ҳам чуқур таассурот қолдиради. (Учинчидан) трагедия ўз мақсадига анча кичик ҳажм билан эриша олади – узоқ вақтга чўзилган барча нарсалардан кўра муайян бир жойга йиғилган нарсалар ёқимлироқ таассурот қолдиради. Айтайлик, мабодо кимдир Софоклнинг «Эдип»ини худди «Илиада» каби қўшиқларга (бобларга) солиб ёзиб чиқса нима бўлар эди? Ниҳоят, (тўртинчидан) эпопея тасвирларида яхлитлик кам бўлади (бунинг исботи шуки, ҳар қандай поэмадан бир неча трагедия чиқарса бўлади), шунинг учун агар эпик шоирлар фақат бир ривоят билан чеклансалар, уларнинг асарлари ё воқеалар баёнининг ихчамлиги туфайли нисбатан қисқа, ёки вазни чўзилиб кетса – серсув бўлиб қолади… Агар (поэма) «Илиада» ва «Одиссея» каби, бир неча воқеалардан ташкил топса, улар бир неча қисмлардан ташкил топадики, буларнинг ҳар бири ўзига яраша ҳажмга эга бўлади. Тўғри, бу иккала поэма иложи борича гўзал ёзилган ва ягона воқеанинг аъло даражадаги тасвири бўла олади.
Шундай қилиб, агар трагедия юқорида айтилган барча жиҳатлардан аъло экан, бунинг устига ўз санъати билан ҳам таъсир этар экан, трагедия ҳам, эпос ҳам ҳар қандай эмас, балки биз айтгандай лаззат бағишлар экан, демак, ўз-ўзидан равшанки, трагедия эпопеяга нисбатан мақсадга мувофиқроқ бўлгани учун ҳам ундан аълороқдир.
ХУЛОСА
Трагедия ва эпопея ҳақида, уларнинг турлари ва қисмлари хусусида, (уларнинг) нечталиги ва бир-бирларидан фарқлари ҳақида, уларнинг яхши ва ёмон чиқиши сабаблари тўғрисида, поэзияга билдирилган эътирозлар ва уларни инкор этиш ҳақида шу айтганларимиз билан кифояланамиз…
Абу Наср ФОРОБИЙ
ШОИРЛАР САНЪАТИ ҚОНУНЛАРИ ҲАҚИДА