Келин бўлиш сирлари. Рахима Шомансурова
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Келин бўлиш сирлари - Рахима Шомансурова страница 3
Ҳозирги энг «моднûй» курслар – оила иқтисодиёти, назокат сири, рўзғор юритиш, дизайн, ҳатто бошланғич тиббиёт сабоқлари, соч турмаклаш ва маникюр-педикюр каби курсларидан ҳам қуруқ қолмагансиз. Ойингиз сизнинг ўрганган-билганларингизни юзага олиб чиқадиган, ўзингизнинг кимлигингизни кўрсатадиган давр – келинлик остонасида турганингизни билганлар. Эрта-индин, яъни «бошингизга тушганда» буларнинг ҳаммаси сизга асқотади.
Ўрганиш учун киши ёшининг аҳамияти йўқлигини унутманг. Кўпроқ билишга интилсангиз бас. Бундай интилиши бор киши билмаганини ўрганишга вақт ҳам, имкон ҳам, албатта, топади. Янги оилангиздагилар ҳам сизнинг билишга интилишингиздан севинишади, сизга рағбат беришади. Чунки улар ҳам сизнинг «элнинг кўрки» бўлиб юришингизни исташади. Ўзи лобар, тили дилбар, назокатли, уйига меҳмон келса, минг турлук ноз-неъмат билан, жонини фидо қилиб кутиб оладиган келинни ким ҳам хоҳламайди дейсиз? Келинининг келажак турмушида, болалари тарбиясида асқотади деб, турли курслар қидириб юрадиган қайноналар ҳам кўп. Бўлажак қайнонангиз шундай қилсалар, у кишига парвона бўлинг, энг яқин кишингиз деб билинг.
Балки орангизда «Буларнинг ҳаммасини билиш менга зарурми?» деб ўйлайдиганлар ҳам топилиб қолар. Бадавлат жойга тушдим, хонадонимда уч-тўрт хизматкор бор деб, ўзингизни асосий вазифа – уй тутишдан четга олсангиз келажагингиз ҳам, бахтингиз ҳам қил устида деяверинг.
Тўйгача бўлган уч-тўрт ойлик учрашувлар фасли ва тўй кунлари кўтаринки руҳиятини катта ёшдаги аёллар «поэзия» даври деб атайдилар. Тўйдан кейин эса айтишларича «проза» бошланармиш.
Бу ўхшатиш нечоғли тўғрилигини билмадим-у аммо айрим насрий асарларни қўлдан қўймай ўқиладиган даражада зўр ёзилишига ишончим комил бўлгани учун ҳам, тўйдан кейинги ҳаётимизни қандай ўтказиш – кўнгилни кўкларга кўтарадиган шаклдами ёки бир хил ва зерикарли шаклдами – бу жуда кўп жиҳатдан ўзимизга боғлиқ деб ўйлайман. Ҳаётимизнинг чиройли ёки хунук кечиши, борингки бахтли ёки бахтсиз бўлишимиз ҳам кўп жиҳатдан бизнинг қанча кўп билишимизга, уқувимизга, эплилигимизга, ҳаётдан нима излаб, нималарга интилаётганимизга боғлиқ.
«Ҳикмат излаганга – ҳикматдир дунё» деб бежиз айтишмаган.
Яхши уй бекаси бўлиш, яхши уй тутиш қутлуғ вазифа. Шуни уддаласангиз, билингки сиз жамиятнинг олди кишисиз.
«Мен бир оила келиниман холос, менинг жамиятга қандай алоқам бор?» деб ҳайрон бўлаётгандирсиз. Чуқурроқ ўйлаб кўринг-чи.
Бугун ақлли, эсли-ҳушли қиз деган ном олиб, эртага лобар келин, дилбар аёл, меҳрибон она «мартаба»сига эришсангиз, билингки сиз баркамол жамият учун курашаётганларнинг энг пешқадамисиз. Бугун озода бўлиб, саранжом ва саришта бўлиб, соғлигингизга қараб юрсангиз – эртага сиз келажакнинг соғлом авлодини таъминлагувчи кишисиз.
Яхши