Алкимёгар. Дунё адабиёти хазинаси. Пауло Коэльо
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Алкимёгар. Дунё адабиёти хазинаси - Пауло Коэльо страница 4
«Жун сотмоқчиман», – деганди ўшанда у савдогарга.
Пештахта ёнида одам тирбанд бўлгани учун хўжайин чўпондан тушгача кутиб туришини сўради. Сантяго рози бўлди ва йўлакка ўтириб, елкасидаги қопчиғидан китобини чиқариб ўқишга тутинди.
– Вой, чўпонларҳам ўқишнибилади деб сира ўйламаган эканман, – ногаҳон ёнгинасидан қиз боланинг овози жаранглади.
Сантяго бошини кўтариб қизни кўрди – у ҳақиқий андалисиялик эди: қоп-қора, майин сочлари тақимига тушган, кўзлари бир замонлар Испанияни забт этган маврларники каби чарос кўзлар эди.
– Чўпонлар ўқишни билишларининг ҳожати йўқ: қўйлар уларга ҳар қандай китобдан кўра кўпроқ нарсани ўргата олади, – деб жавоб қилди Сантяго.
Шу алфоз гапдан гап чиқиб, улар роппа-роса икки соат суҳбатлашишди.
Қиз шу дўкондорнинг қизи эканлигини ва ҳаёти ниҳоятда зерикарлилигини, кунлари гўё икки томчи сувдай бир-бирига ўхшашлигини айтиб ҳасрат қилди. Сантяго эса унга Андалусия водийлари ҳақида, йўли тушиб келганкатта шаҳарларда эшитганларини ҳикоя қилиб берди. У суҳбатдошидан ниҳоятда мамнун эди – қўйлар билан гаплашишқаёқда-ю, бу суҳбат қаёқда.
– Ўқишни қаерда ўргангансан? – деб сўради қиз.
– Ҳамма қаерда ўрганса, мен ҳам ўша ерда – мактабда, – деди Сантяго.
– Хат-саводингбор экан, нега қўйбоқиб юрибсан?
Сантяго жавоб беришўрнигагапни бошқаёққа бурди: қиз уни тушунмаслигига ишончи комил эди. У ўз саёҳатлари, саргузаштлари ҳақида ҳикоя қилар, қиз мавританча шаҳло кўзларини ҳайратдан гоҳ қисиб, гоҳ катта-катта очиб тингларди. Вақт буларнинг суҳбатларига қулоқ тутиб сездирмай ўтиб борар ва Сантяго бу кун ҳеч қачон тугамаслигини, дўкондор харидорлардан сира қутулолмаслигини ва жун қирқишни уч кунлаб кутишни жуда-жуда хоҳларди. У ҳечқачон ана шу лаҳзалардагидай фараҳбахш ҳолни ҳис қилмаган, шу ерда бутунлай қолиб кетгиси келаётганди. Қорасоч қиз билан ўтказадиган кунлари ҳеч қачон икки томчи сувдай ўхшаш бўлмас эди.
Шу пайт дўкондан қизнинг отаси чиқиб келди ва сурувдан тўртта қўйни жунини қирқиш учун танлаб олди. Сўнгра ҳақини тўлади ва:
– Бир йилдан кейин келсанг, яна оламан, – деди.
Мана, белгиланган муддатга бор-йўғи тўрт кун қолди.
Йигитча бўлғуси учрашувни кўз ўнгига келтириб қувонар,шу билан бирга юрагида хавотир ҳам бор эди: қиз уни эсдан чиқариб юборган бўлса-чи? Озмунча чўпонлар уларнинг шаҳридан қўйларини ҳайдаб ўтадими?!
– Унутса унутар, – деди у қўйларига. – Шуям қайғу бўптими. Қизлар бошқа шаҳарларда ҳам тўлиб ётибди.
Лекин Сантяго, бу – ҳақиқатан ҳам қайғу эканлигини юрак-юракдан ҳис этиб турарди. Чўпонларнинг ҳам, денгизчиларнинг ҳам ва дунё кезадиган савдогарларнинг ҳам битта азиз, қадрдон шаҳри бўлади – у ерда маҳбубалари яшайди, улар учун эркинлик ва озодликни ҳам қувонч билан қурбон қилиш мумкин.