Тасаввуф алломалари. Хамиджон Хомидий

Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Тасаввуф алломалари - Хамиджон Хомидий страница 8

Жанр:
Серия:
Издательство:
Тасаввуф алломалари - Хамиджон Хомидий

Скачать книгу

сўнг қайтар эди. Туш вақтида онасига егулик олиб келган вақтида ёш болалар унга тош отиб, йўлини тўсар эдилар. Увайс уларни эркалаб, олиб келган таомидан берар ва дер эди:

      – Оёқларим заифдир. Кичикроқ тош отинг, оёғимга тегиб, жароҳат қилмасин, токи қон чиқиб, намоздан қолмайин. Намоздан қолиб, оёғим ғамини емай, намозим ғамини қилайин.

* * *

      Жамоадан ажралишдан сақланинг, чунки ўзингиз сезмаган ҳолда динингиздан ажраб қоласиз ва қиёмат куни дўзахга кирасиз.

* * *

      Ҳар ким яхши ейиш, яхши кийиш, баднафс ва бадахлоқ аёл билан ўтиришни севса, шайтон уни тез йўлдан оздиради.

* * *

      Аллоҳ деди: Авлиёларим қуббам остидадирлар, уларни Мендан (Аллоҳ) ўзга билмагай.

* * *

      Ҳар ким Аллоҳни таниса, унга ҳеч нарса махфий қолмайди. Кимки Аллоҳни Аллоҳ билан таниса, у ҳамма нарсани билади.

* * *

      Саломатлик танҳоликдир.

      2. ҲАСАН БАСРИЙ

      Кўплаб шайхларга пешволик қилган, замонасининг аксарият арбобларини ақлу заковати билан лол қолдирган машойихлардан бири Ҳасан Басрийдир.

      Ҳасан Басрий Мадинада, Пайғамбаримиз (с.а.в.) хотинлари Умму Салама (р.а.)нинг озод этилган чўрилари хонадонида 22/642 йилда таваллуд топган. Унинг отаси саҳоба Зайд ибн Собитнинг озод этилган қули Ясор эди. Унинг исмини Умму Салама «Ҳасан» деб қўйган. Ҳаттоки Ҳасаннинг чақалоқлигида Умму Салама кўкрак тутган. Ҳасан Басрийнинг илму ҳикмат ва саодатга мушарраф бўлгани Умму Саламани эмгани ҳамда болалик чоғида Муҳаммад (с.а.в.) унинг ҳаққига қилган дуолари шарофатидандир.

      Ҳасан Басрий тарбияси билан Умму Салама шуғулланган. Ҳасаннинг камолотида Ҳазрат Али (р.а.)нинг даъвату ваъзлари, ҳикматлари, шахсий ибратлари муҳим аҳамиятга эга бўлган. 37/657 йилда Ҳасан 14 ёшга етганида оиласи Басрага кўчиб кетади. Бу ерда Абдуллоҳ ибн Аббосдан тафсир, ҳадис, қироат илмларини ўрганган. Басра илм-маърифат ва маданият марказига айланган ва кўплаб илм ҳалқалари фаолият кўрсатган. Ҳасан Басрий замонасидаги барча илмларни ўзлаштириб, забардаст фиқҳ донишманди даражасига етган. Халқ наздида ваъз айтиб, «Ҳасан Басрий» номи билан шуҳрат қозонган. Хосу ом унинг маърузаларини мароқ билан тинглаб, ҳикматларини ёд олишган. Ҳасан умр бўйи мўминларни маърифатга, золимларни адолатга ҳидоят этган. Робиъа Адавия, Иброҳим Адҳам Ҳасан Басрийнинг дуосини олган, унинг қўлидан хирқа кийишган. Унинг ҳикматли сўзлари ва кашфу кароматлари тазкира ва маноқиблардан жой олган.

      Ҳасан Басрий 43/663–665 йилда Афғонистон ҳудудидаги ҳарбий юришда қатнашган. Халифа Умар ибн Абдулазиз (ваф. 102/720 й.) даврида Басрада қозилик қилган. Ҳасан Басрийнинг обрўси шу даражада бўлганки, илоҳиёт олимлари унинг атрофида жам бўлишган. Ҳасан Басрийнинг умавийлар давлатининг барқарорлиги йўлидаги хизматлари беқиёсдир. Ҳасан Басрий мусулмонлар ўртасидаги ҳарбий можароларни тинч йўл билан ҳал қилиш тарафдори бўлган.

      Ҳасан Басрий 110/728 йилда Басрада вафот этган.

* * *

      Ҳасан Басрий деди:

      – Эй одам боласи, нега биродарингга ҳасад қиласан? Агар Аллоҳ суйгани сабабли у бандага неъмат ато қилган бўлса, сен Аллоҳ суйган бандага қандай ҳасад қиласан?

Скачать книгу