Мавлоно Завқий. Хамидулла Абдуллаев
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Мавлоно Завқий - Хамидулла Абдуллаев страница 15
Қанчалик четламайлик, қанчалик кўп фикрламайлик, олам зиддиятларидан қочиб қутула олмаймиз. Хоҳласак ҳам, хоҳламасак ҳам олам ишлари тинимсиз зиддият қўзғашдан иборат.
Худоёрхоннинг учинчи бор тахтга ўтириши анча узоқ давом этган бўлсада, бениҳоя серташвиш ва исёнлар исканжасида ўтди. Россия империяси Ўрта Осиёни деярли забт қилган бўлса ҳам тожу тахт учун аҳмоқона курашлар давом этарди. Шунчалик серташвиш ва зулматли кунларда ҳам хонлар шикорларга чиқиш, зиёфатлар уюштириш, хотин устига хотин олиш билан банд эдилар. Аслини олганда Худоёрхон энди мустақил хон эмас, Россия империясига тобе бўлган хон, руслар ўлкаларни забт қилиб улгурганлар, эндиги навбат ўзларининг мавқеларини мустаҳкамлаш ва барча бойликларни ўз ўлкаларига ташиб кетиш эди. Босқинчиларга хос сурбетлик, беодоблик авжига чиқиб борар, чор амалдорлари ўзларини хўжайиндек тутишар, ерлик халқ вакилларини менсишмас, ерлик халқдан чиққан раҳбар ёки қобилият эгалари керак эмас. Фақат тилмочлар, ижрочи миршаблар ва итоатдаги кишилар керак холос эди.
Бебошлик ва безорилик авж олар, исёнлар кундан-кун кўпайиб борар, тахтга даъвогарлик кучайиб учинчи бор Худоёрхон тахтдан воз кечишга мажбур бўлди. 1875 йил Худоёрхоннинг тўнғич ўғли Насриддинбек тахтга ўтирди.
***
XII аср яъни саккиз юз йил муқаддам Султонул Орифин Хожа Аҳмад Яссавий 1281 ҳижрий (1864 милодий) йилда русларнинг Ўрта Осиёга бостириб киришларини башорат қилган эдилар. Халқимиз тарихида мислсиз фожеа бўладиган рус босқинини боболаримиз бу даражада аниқлик билан огоҳлантириб кетганлари ҳайратланарли ҳол. Бу аниқлик Европада ном чиқарган Нострадамус башоратларидан анчагина аввал ҳам аниқроқ бўлган.
***
Скобелев билан фон Кауфманнинг суҳбати қизғин давом этарди.
– Бизнинг бу паст табақа халқлардан улуғ эканлигимиз ҳам шунда.
– Ҳа улар ўйнаб-кулиб қувонаверишсин, карнай чалиб, ош еб, тўй қилиб яйрашсин.
– Уларнинг бу одатларини рағбатлантириш лозим, таомларини мақташ керак.
– Менимча бу ўлканинг одамлари ҳали-бери миллат бўла олишмайди, оломонлигича қолаверади.
– Шунинг учун ҳам уларни жазолаб туриш лозим.
– Жазолашнинг энг маъқул усули уларнинг ақлини ўғирлашдан иборат. Ақлсиз кишиларни тобе қилиш жуда қулай. Хурофотга берилиш, кўр-кўрона ибодат қилиш, илмсизлик, эскириб яроқсиз бўлиб қолган урф-одатларга берилиш халқнинг тафаккурини чеклаб қўяди, бизга шулар керак.
– Улар жуда исёнкор.
– Биз уларнинг ҳокимларини бефаросат одамлардан тайинласак исёнларнинг зарари бўлмайди, аксинча фойдали бўлади.
– Яъни?
– Улар ўзларининг беклари-ю ҳокимларига қарши исён кўтаришади, биз эса қўзғолонни ўз фойдамизга ҳал қиламиз, хоҳлаган вақтда қўзғаб, хоҳлаган вақтда бостиришимиз мумкин.
– Менинг таажжубим шундаки, бу халқ бизларга тобе бўлганидан қайғурмайди,