Қатл куни. САМАДЎҒЛИ ЮСУФ

Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Қатл куни - САМАДЎҒЛИ ЮСУФ страница 10

Жанр:
Серия:
Издательство:
Қатл куни - САМАДЎҒЛИ ЮСУФ

Скачать книгу

бўлди: у шоша-пиша ташқарига қушдек отилиб чиқиб, буфетнинг ортидаги хилват жойда роса йиғлаган, кейинроқ ўзи айтгани каби, камида икки челак кўз ёш эди. Чунки бу балокаш дунёнинг на ёруғ кунларига, на зулматига умиди қолмаган бир банда учун оллонинг бундан ҳам ортиқ инояти бўладими, ахир?..

      –Ҳой, Темир, ичмасанг мундоқ чеҳранг ҳам очилмайди. Башарангга қараб, Ҳазрат Аббос ҳақи, менинг йиғлагим келади! – Маҳмуд афтидан, Темирни ҳолжонига қўймоқчи эмас, жаҳли чиқаётганиданми, уйқуси келаётганиданми, ҳар қалай, Темирнинг асабларига тегишни, унинг қуюшқондан чиқишини истарди. – Одам деганнинг мундоқ чеҳраси очилиб юради. Сен эса кундузи бир одам бўласан, кечқурун бошқа одам. Сени кундузи кўрган киши, бу одам пайғамбар бўлса керак, деб ўйлайди.

      –На мен пайғамбар бўла оламан, на сен. Иккимиз ҳам безбет бир махлуқмиз. – Темир сигаретни ютоқибтортар экан, бир-икки марта бўғилиб-бўғилиб йўталгач, давом этди:

      –Ҳой Маҳмуд, – негадир у овозини баландлатди. – Сен дунёнинг ҳамма жойида одамзот бир-бирини кириб ётибди, дейсан. Мен эса, қирса жаҳаннамга, дейман. Яъни айтмоқчиманки, бу дунёнинг дарду ғами менга қолибдими? Хўш, азизим, менинг фаҳмим етган нарса шуки, охир-оқибат Темирнинг ҳам бошига етишади, эртами-кечми, ҳамма бир-бирини қириб битиради. Сабабани айтайми? Одам аввало одам бўлиши керак. Бизнинг эса ҳаммамиз – каттадан то кичик – барчамиз одамгарчиликдан чиқиб кетдик. Айтмоқчиманки, ҳамма ваҳшийлашиб кетди.

      Мошу ҳушёр тортди, кўзларини очиб, пиқ-пиқ кулди.

      –Кулма Мошу, кулма Темир тоторга нима бўпти, Темир тоторнин ҳам калласи бор.

      –Бор, биродар, бор! – Маҳмуд Мошунинг биқинига туртиб қўйди. – Нега бўлмасин экан, калланг нақ тонинг калласидай келади. Аммо шу вино сенинг миянгни суюлтириб юбормаса, уйингни куйдирмаса деб қўрқаман. – Маҳмуд Мошуга қўшилиб қаҳқаҳ уриб кулди. У амин эдики, энди бу сўзлардан кейин Темир қуюшқондан чиқади, ҳамиша бўлганидек ё русчалаб, ё тоторчалаб албатта болхонадор қилиб сўкина бошлайди. Мошу ҳам, Маҳмуд ҳам бунақанги сўкишларни камида минг маротаба эшитган эдилар. Аммо бу гал Темир на қуюшқондан чиқди, на сўкинди. Лом-мим демади. Бироз сукутга кетгач, яна тилга кириб:

      –Э-воҳ, Маҳмуд! – деди. – Ўқимишли одамсан, офарин сенга, эл-юрт орасида фельдшер деган от чиқаргансан, худо ҳақи, райкўмчалик обрўйинг бор… Кимнинг боши ёстиққа етса, сени чақиради. Амммо сафсатабозсан. Биласанми нега? – Темирнинг овози тағин пасайиб, мотор шовқинида қарийб эштилмай қолди.

      –Хўш, нега? – Бу гал маҳмуд жаҳлидан ўзини зўрға босиб қолди.

      –Чунки дард кўрмагансан!

      –Вой! Буни қаранглар! – Маҳмуд ўгирилиб Мошуга боқди. – Биродарлар, мен беш-олти ёшларимда ота-онасиз қолганман. Онам ёдимга тушса, ҳали-ҳали жигар-бағрим ўт олиб ёнади. Хўш, бу дард бўлмай нима?

      –Кейинчи?

      – Кейин нима бўларди? Гапини қаранглар?

Скачать книгу