Элжернонга аталган гуллар. Дэниел Киз
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Элжернонга аталган гуллар - Дэниел Киз страница 17
![Элжернонга аталган гуллар - Дэниел Киз Элжернонга аталган гуллар - Дэниел Киз](/cover_pre1200519.jpg)
Немур тасмага кетганда Барт қайта тушунтиришга уриниб кўрди:
– Ўтган сафар ҳам худди шу гапларни айтгандим. Гапларимни ўзгартира олмасдим ҳам, чунки бу тестни бошлашдан олдинги мажбурий тартиб.
Шу пайт Немур қайтиб келди ва менинг:
– Ундай бўлса, қани, бирга эшитайлик‐чи, балки ишонарман, – деганимни эшитиб қолди.
Улар бир‐бири билан кўз уриштириб олди. Жазавага тушдим. Улар яна устимдан куляпти. Лекин бирдан нима деяётганларимни тушундим ва уларнинг нигоҳларининг маъносини англадим. Кулиш уларнинг хаёлларида ҳам йўқ эди. Мен ривожланишда янги поғонага ўтгандим. Ғазаб ва шубҳа мени ўраб турган дунёга нисбатан ҳис қилган туйғуларимнинг биринчилари эди.
Карнайчадан Бартнинг овози эшитила бошлади:
«Чарли, энди бу вараққа эътиборингни қаратишингни хоҳлайман. Бу нима? У ерда нималарни кўряпсан? Одамлар уларда ҳар хил расмларни кўриб оладилар. Нималар хаёлингга келаётганини менга айт…»
Худди ўша сўзлар, худди ўша оҳанг. Сўнгра мен ўз овозимни эшитдим… Бўлиши мумкин эмас… Ҳайратдан оғзим очилиб, Немурнинг столи яқинидаги стулга ўтириб қолдим.
– Бу ростдан ҳам менманми?
…Биз Барт билан лабораторияга қайтиб бориб, барча тестни қайтадан бошладик. Бу сафар менинг жавобларим олдингиларидан фарқли эди, мен расмларни кўра олдим. Уришаётган қиличбозлар. Миямга ҳар хил нарсалар келди. Аммо ўзимни Бартга эътирозсиз ишонишга мажбур қила олмадим.
У ҳаммасини ёзиб борарди. Уларни ўқимоқчи бўлдим, лекин унинг қайдлари махфий ёзувларга ўхшарди: ВФ+А ДдФ-Ад ҳақ. ВФ-А СФ+об.
Бу тест мен учун маъносиз бир тест каби бўлиб қолди. Кўрмаган нарсалари ҳақида ҳар ким ҳам хоҳлаган нарсаларини тўқийверади. Мен ҳам уларни калака қилмаганимни улар қаердан билади?
Доктор Штраус психология бўйича китоблар ўқишимга рухсат берганда, албатта, бу саволларга жавоб топишга уриниб кўраман. Хаёлларим ва ҳисларим ҳақида ҳисоботларимда ёзиш бора-бора мен учун қийинлашиб кетяпти. Чунки улар ёзилгандан сўнг, кимдир уларни ўқишини биламан. Нега энди бундан бунчалар безовтаман?
10‐ҳисобот 21 апрель
Хамир қоргични янада самаралироқ ишлатиш йўлини топдим. Жаноб Доннерга бу фикр ёқди ва ишчи кучидан пул тежашимиз мумкинлигини айтди. У менга 50 доллар мукофот пули берди ва ҳафталик маошимни 10 долларга кўпайтириб қўйди.
Жо Карп ва Фрэнк Рейлига бу ҳодисани нишонлашни таклиф қилдим, аммо Жо рафиқасига нимадир олиши керак экан, Фрэнкникига эса тўсатдан жияни меҳмон бўлиб келиб қолибди. Менинг янги ҳолимга ўрганиш улар учун анча қийин бўлса керак.
Жимпи ҳар доим менга кўз остидан қараб қўяди. Ҳеч ким мен билан олдингидай гаплашмай қўйди. Ишда ўзимни ноқулай ва ёлғиз ҳис қилишни бошладим. Бу ҳақида ўйлар эканман, ухлаётганимда Фрэнк мени тепиб йиқитиб юборганини эсладим. Иссиқ ширин ҳидлар, оқ деворлар. Фрэнк печкани очганди, олов худди ҳайқириб чиқиб кетадигандай ёнаётганди. Мен йиқи-либ тушдим… эгилиб кетдим… сирпаниб кетдим… қаттиқ оғриқ…