Рақамли қалъа. Дэн Браун
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Рақамли қалъа - Дэн Браун страница 27
– Командор. – эътироз билдирди қиз. – Бу муаммо бир ўзингиз эплашингиз учун жуда катталик қилади. Кимдандир ёрдам сўрашингиз керак.
– Сьюзан, Рақамли қалъанинг мавжудлиги ташкилотимизнинг келажаги учун жиддий хавф туғдиради. Президентга бу ҳақда айтишим директорнинг орқасидан иш қилишим билан баробар. Биз банкротлик арафасида турибмиз, мен вазиятдан чиқишга уриняпман, – Стратмор қизга ўйчан боқди. – Мен операциялар бўйича директор ўринбосариман, мен ўз вазифамни бажаряпман ҳозир, – кейин жилмайиб, қўшиб қўйди: – Қолаверса, мен ёлғиз эмасман. Менинг жамоамда Сьюзан Флетчер бор!
Сьюзан шу лаҳзада командорни ҳурмат қилишига асосий сабабни тушуниб етди. Ўтган ўн йил давомида яхши ва ёмон кунларнинг барчасида Стратмор ўз тамойилларига, ватанига ва ғояларига содиқ қолган эди – энг мураккаб даврларда ҳам ғалабага ишончини йўқотмасдан, олға ҳаракат қилиши қизни доим ҳайратга соларди. Нима бўлишидан қатъий назар, командор Тревор Стратмор қоронғуда МХАга йўл кўрсатувчи ёруғ юлдуз эди.
– Сен мен билан биргасан, шундай эмасми? – сўради командор.
Сьюзан жилмайди:
– Албатта жаноб, мен сиз биланман, юз фоиз!
– Хурсандман. Энди ишга қайтсак ҳам бўлар, – командор ҳам илиқ табассум қилиб, қизнинг елкасидан қоқиб қўйди.
Ўн иккинчи боб
Девид Беккер олдин ҳам мотам маросимларида қатнашиб, ўлик таналарни кўрганди, лекин бу сафар асаблари дош беролмади. Гулчамбарлар билан безатилган тобутга солиш ўрнига алюминий столга қип-яланғоч қилиб ётқизиб қўйилган мурдага тикилар экан, Девиднинг кўнгли беҳузур бўлди. Жасаднинг шифтга термулган очиқ кўзларида қўрқув ва надомат аломати зуҳрланиб қолганди.
– Dónde están sus efectos? – сўради Беккер соф Кастилия шевасида. – Унинг нарсалари қаерда?
– Allí, – жавоб қайтарди тишлари, тамакидан бўлса керак, сарғайиб кетган лейтенант бурчакдаги шкафга ишора қилиб.
– Es todo? Ҳаммаси шуми?
– Sí.
Девид буюмларни жойлаштириш учун бирор қути сўради, лейтенант топиб келиш мақсадида шошилиб чиқиб кетди.
Шанба бўлгани сабаб Севилья ўликхонасининг иш соатлари расман тугаганди. Бироқ ёш лейтенантга Беккер ташрифидан бир неча соат олдин юқоридан қўнғироқ бўлиб, бугун ташриф буюрадиган америкаликни ичкарига киритиб, истаганини муҳайё қилишга қатъий буйруқ берилганди.
Девид кийимлар уюмига кўз ташлади. У ерда паспорт, теридан ҳамён, кўзойнак ва оёқ кийими бор эди. Бундан ташқари, полиция мурда жойлашган меҳмонхонадан топиб келган кичкина сумка ҳам турарди. Беккерга берилган кўрсатма қисқа ва лўнда эди: ҳеч нарсани ушламаслик, ҳеч нарсани ўқимаслик, шунчаки ҳамма нарсани АҚШга олиб келиш. Барчасини.