тавсифнома бўлади, чунки норизо харидор энг ашаддий ғайрирекламадир. Автомобилсозлик атак‐чечак қилаётган даврда машина сотиш ҳақиқий муваффақият саналарди, харидорнинг маҳсулот билан кейинги тақдири ҳеч кимни қизиқтирмасди. Бу воситачиларнинг муносабатига ўхшарди. Ўртадаги даллол сотишдан фақат ўзига тегишли фоизни оларкан, ундан харидор ҳақида ғамхўрликни талаб қилиб бўлмасди, чунки бу харидордан у яна нимадир фойда кўрмасди. Айнан шу нуқтада биз кейинчалик “Форд”нинг савдо бўйича энг катта аргументини яратдик. Бизда нархлар ва сифатнинг нисбати сотувнинг яхши бўлишини таъминлади, бироқ биз янада олдинга интилдик. Назаримда, автомобилимизни сотиб олган одам ундан доимо фойдаланиши керак эди. Шунинг учун биз бузилиб қолган машинани имкон қадар тез тузатиб беришни бурчимиз деб билдик. Бундай хизмат кўрсатиш “Форд”нинг муваффақияти гарови бўлди. Ўша даврнинг аксар қимматбаҳо автомобиллари учун техник хизмат кўрсатиш устахоналари етишмасди. Агар машинангиз бузилиб қолса, маҳаллий устахоналарга мурожаат қилиш керак эди, ваҳоланки, ишлаб чиқарувчига мурожаат қилинса, тўғри бўларди. Агар маҳаллий устахонада эҳтиёт қисмлар етарли бўлса (ўша пайтда аксарият автомобилларга ҳали эҳтиёт қисмлар алоҳида ишлаб чиқилмасди), автомобиль эгасининг омади куларди. Агар устахона соҳиби имиллаган одам бўлса, автомеханика соҳасида етарли билими бор‐у, таъмир учун келтирилган ҳар бир машинани ортиғи билан созлашга иштиёқманд бўлса, майда муаммо ҳам машинанинг узоқ вақт устахонада қолиб кетишига сабаб бўлар, кейин машинани олиб кетиш учун яхшигина ҳақ тўлашга тўғри келарди. Бир замонлар автомобиль таъмирловчи усталар автомобилсозлик саноати учун катта таҳлика эди. Ҳатто 1910–1911‐йилларда ҳам ҳар қандай автомобиль эгаси исталганча пулини шилса бўладиган бадавлат одам ҳисобланарди. Биз бунга аввал бошданоқ дуч келдик. Аммо тижоратимизга бунақа аҳмоқ ва очкўз одамлар халал беришига йўл қўя олмасдик.
Ҳикоямда олдинлаб кетдим. Айтишни истардимки, молиявий манфаатлар ҳукмронлиги инсонларга хизмат қилиш ғоясига қарама-қарши, чунки унда пул ишлаш устувор туради. Агар асосий мақсад муайян маблағ ишлаб топиш бўлса, ўта омадли вазият юзага келиб, ишлар ўнгланмас ёки хизмат учун ортиқча маблағ ортиб қолмас экан, истиқболли бизнес кунлик даромаднинг асири бўлиб қолади.
Бундан ташқари, аксарият бизнесменлар ўз ишини оғир юкдек қабул қилади. Улар бир кун ҳаммасини ташлаб, сармоянинг устама фоизи билан яшайдиган фурсат учун елиб-югуради, имкон қадар тезроқ ғавғолардан чиқишни хоҳлайди. Улар ҳаётни ниҳоялаши керак бўлган жанг майдони, деб билади. Бу мен тушуна олмайдиган яна бир ҳолат эди. Мен, ахир, ҳаёт моҳияти курашда эмас, мабодо курашда бўлса ҳам, ўз дангасалигинг ва хотиржамлигингга қарши курашишда, деб билардим. Агар мақсадимиз сокинликда занглаб ётиш бўлса, ички дангасалигимизга асир бўлиб яшашимиз керак. Лекин мақсадимиз ўсиш, ривожланиш бўлса, ҳар тонг барвақт уйғониб, кунбўйи тийрак юришимиз шарт. Мен улкан компаниялар