Грузия муваффақиятга қандай эришди. Лариса Буракова
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Грузия муваффақиятга қандай эришди - Лариса Буракова страница 10
Шеварднадзе ўз президентлигининг бошланғич босқичини шундай таърифлаган: “Муаммолар жуда кўп эди, чунки мен 1992 йилда қайтганимда Грузия деярли вайрон бўлиб улгурганди. Иқтисод ҳам, сиёсий тизим ҳам барбод бўлганди. Барчасини оқ қоғоздан бошлашга тўғри келганди”. Мана бу эса Саакашвилининг сўзлари:
Совет даврига хос барча нарса тез фурсатда барҳам топиши борасида Грузияга омад кулиб боқди, дейиш мумкин. Лекин яхлитлигимиз, электр таъминоти, таълим, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари тизими ҳам тубдан емирилган, янги бошқарув тизими эса ҳали ташкил этилмаганди. Барчаси вайрон бўлгани учун янги тизимни қуриш майдончаси бўм-бўш эди. Ёруғлик йўқ, кўчага чиқиш хатарли, эртанги кунга умид сўнган пайтда шунчаки ислоҳотлар эмас, балки кескин ўзгаришларга бўлган интилишларни ҳис қилмаслик мумкин эмас. Бу каби ҳолатда ким кескин ижобий ислоҳотлар режасини таклиф этса, одамлар ўшанинг орқасидан эргашадилар. Биз ана шундай режани таклиф этдик.
Биз фақатгина танқид қилибгина қолмадик, Тбилиси шаҳри учун маҳаллий бошқарув сайловларида иккинчи ўринга кўтарилдик. 21 Биринчи ўринни эса сўл қарашларга эга популистик партия – лейбористлар эгаллади. Уларга рақиб эканимизни, ўринларига жуда яқинлашиб қолганимизни ҳис қилган лейбористлар бизга Тбилиси шаҳар кенгашини бошқариш имконини бериш биздан қутулишнинг энг осон усули бўлиши мумкин, деб ўйладилар. Уларнинг фикрича, шу йўсинда биз ўзимизни ўзимиз синдиришимиз мумкин эди. Бир томондан улар ҳақ эди – маҳаллий кенгашнинг ваколатлари жуда чегараланганди. Яъни кенгаш шаҳарга тегишли шусиз ҳам бечораҳол бюджетнинг 10 фоизинигина назорат қила оладиган пуч идора ҳисобланарди. Лекин натижа шундай бўлиб чиқдики, бошқарувнинг шу каби кичик дастагига эга бўлган ҳолда ҳам баъзи нарсаларни ҳаракатга келтира олдик. Масалан, Тбилисида асфальтли футбол ва баскетбол майдончалари қурдик. Ҳозирги кунга келиб шу каби минглаб сунъий қопламали майдонлар қурилган. У вақтда эса қирқта асфальтли майдонча қурилганди. 1980-йиллар ўрталаридан бошлаб ҳеч ким ҳеч нарса қурмагани учун қурилишлар инсонларда унутилмас таассуротлар қолдирди.
Сўнгра жиддий кампания ташкил этдик, ҳар бир қишлоққа бордик, кўплаб қўлларни тутдик ва инсонларни эшитдик, улар билан суҳбатлашдик. Шу каби суҳбатлардан бир ҳафта кейин ўз дастуримизни яратдик. Кунига олти-етти учрашув ташкил этардик, ҳар бир учрашув бир-бир ярим соат давом этарди. Жуда тиғиз ушбу дастур уч ой давом этди. Бизгача бу каби ҳаракатни ҳеч ким, ҳеч қачон амалга оширмаганди.
Грузия – кичик мамлакат ва жойларда ҳам қўллаб-қувватловчилари бўлган партиялар орасида биз ягона партия бўлиб чиқдик. Бу жараён худди юмалоқланаётган қор сингари катталашиб борди, шунинг учун ҳам парламент сайловларида ғалаба қозонишимиз ўзимиз учун ҳам кутилмаган ҳол бўлмади.
21
Маҳаллий бошқарув органларига сайловлар 2002 йил, 2 июнда бўлиб ўтган.