Изхор. Xurshid Do`stmuhammad

Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Изхор - Xurshid Do`stmuhammad страница 4

Автор:
Жанр:
Серия:
Издательство:
Изхор - Xurshid Do`stmuhammad

Скачать книгу

виждон турлича бўладими?» деган савол беришади. Йўқ, виждон бутун инсоният тарихида бир хил бўлади. Даврнинг, маконнинг аҳамияти йўқ унинг учун! Қишда бир виждон, ёзда бўлакча виждон деган тушунча йўқ. Андиша эса «виждон» деб аталмиш жуда чуқур, жуда кўламли инсоний фазилатнинг бир бўлаги, холос.

      Инсонни инсон қилиб турган фазилатлар бир биридан алоҳида-алоҳида намоён бўлмайди. Ҳатто иллатлар ҳам фазилатлар орасида кун кечиради. Лекин бирон кишини таърифлаганда ақлли, илмли, одобли, имонли, виждонли, андишали деб унинг фазилатлари алоҳида-алоҳида тилга олинади. Шу маънода андиша виждонга нисбатан тор тушунча. Лекин қанчалик тор бўлмасин, бу билан андишанинг моҳияти, аҳамияти камайиб қолмайди. Таъбир жоиз бўлса, андишани таомга солинадиган тузга ўхшатиш мумкин. Туз солинмаган ҳар қандай тансиқ таом ҳам бемаза бўлади.

      «Ҳамма андишали бўлиши шарт!» дея фармони олий эълон қилиш ҳуқуқим йўқ. Ниятим ҳам йўқ. Истагим бор, холос. Қолаверса, андиша бир буюм эмаски, уни бировга ҳадя этсанг, улашсанг.

      Андишали бўлишни ўргатишнинг иложи йўқ.

      Оддий инсоний муносабатлар ҳаддан ташқари мураккаб. Ҳамманинг фикр-ёди ўзи мўлжаллаган юмуш билан банд. Суриштириб келсангиз, ҳар бир илиқ муомала остида жиндек бўлса-да, тама бор. Манфаат бор. Холис, беминнат, бетама меҳр-оқибат оз, жуда оз. Бундай муносабат учун фурсати йўқ одамларнинг. Бироқ андишани унутишга ҳаққимиз йўқ. Андиша одамлараро муносабатни равонлаштириб турадиган бамисоли машина мойи. Кишиларнинг асабини, саломатлигини, иноқлигини, қолаверса, инсоний гўзаллиги – латофатини сақлаб турувчи бир посбон!

      Биз принципни, талабчанликни аксарият инсоннинг шахсини оёқости қилиб ташлаш деб тушунамиз. Дуч келган одамнинг шахсиятини дуч келган жойда оёғимиз остига олиб тепкилаймиз. Бунга ҳеч ким ҳақли эмас. Ҳатто жуда яхши одам ҳам жуда ёмон кишини бундай ҳақоратлашга ҳақи йўқ. Соф ўзбекона андиша «таркиби»да қатъийят ҳам, принципиаллик ҳам бор.

      «Соф ўзбекона» деганда нимани назарда тутмоқдаман?

      Рус адабиётини, хусусан, ўзим кўнглимга яқин тутган Фёдор Достоевский асарлари қаҳрамонлари муносабатида биз тушунган маънодаги андиша учрамайди. Иван Тургеневнинг «Оталар ва болалар» романида ҳам йўқ. Чет эл адабиётига мансуб асарларда ҳам деярли учрамайди бу сингари нозик туйғулар. Бўлса ҳам менинг кўзим тушмаган. «Ўзбекча – русча» луғатни варақлайлик. «Андиша» сўзининг таржимаси сифатида «опасение, боязнь» деган сўзлар келтирилган. Мутлақо нотўғри. «Благоразумно, обдуманно, осмотрительно» деган мазмунлар ҳам келтирилган. Булар бизнинг талқинимиздаги андишага яқин маънони англатаётгандек, аммо-лекин уларда соф ўзбекона андишанинг бутун бойлиги, зарофати йўқ. Рус тилидай бой тилда бизнинг «андиша»нинг муқобил таржимаси йўқ. Демак, бундай туйғунинг ўзи йўқ бу халқ вакилларининг табиатида. Унинг қандайдир кўринишлари бўлса бордир, холос.

      Машҳур Талейраннинг (1754 – 1838) гапи бор: «Виждон, виждонли кишилар билан муомаладаги одамларга жуда катта фойда келтиради». Бор гап. Ҳаётда учрайди

Скачать книгу