Мени ёлғиз қолдирма. Зеус Кабадайи
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Мени ёлғиз қолдирма - Зеус Кабадайи страница 8
Масалан, бир дўстим бор эди. Бир куни рўпарасига ўтириб, «Охирига қадар бирга бўламизми?» деб сўрадим. У: «Пулинг бўлмаса ҳам менга барибир, сен билан бир майизни бўлишишга-да тайёрман», дея жавоб берган эди. Орадан бир йил ўтди. Хўш, нима бўлди, дейсизми?
Ўша суҳбатдан кейин бир йил ўтган ва пулсиз қолган куним эди. Танишларимдан бироз қарз олдим. Чунки овқатланиш, кейин кинога киришга келишган эдик. Албатта, булар учун пул керак… Кейин башанг кийиндим, сочларимни текислатдим, устимга чиройли кўйлак ва қора жинси шим кийдим. Таксига чиқиб, унинг уйига йўл олдим. Етиб боргач, пастдан туриб қўнғироқ қилдим ва кутаётганимни айтдим.
У ҳам сартарошга борган, сочларини текислатган эди. Зинапоядан худди дўконлардаги менекенларга ўхшаб тушиб келди. Қучоқлашиб кўришганимиздан кейин унга юзландим: «Азизим, сенга бир гап айтаман, лекин хафа бўлиш йўқ!» Шу заҳотиёқ нима бўлганини сўради, мен ҳам жавоб бердим: «Сен билан режа тузган эдик, аммо менда бир чақа ҳам пул йўқ. Мени кечир».
Ниятим – уни синамоқ эди. Ҳар ҳолда орадан вақт ўтган эди. Узундан-узоқ бир йил…
Менга бир муддат ҳайрон бўлиб қараб турди ва кейин: «Уф-ф! Айтсанг бўлмасмиди? Унда нега бунчалик тайёргарлик кўрдим?!» деди. Кўзларига тикилиб, «Майли, битта-яримта тешиккулча ермиз унда», дедим.
Шундай дейишим билан дунё остин-устин бўлиб кетди. Қушлар учмай қўйди, шамол эсмади. Кўзларида афсус-надоматдан бошқа нарса кўрмадим ва ўша ернинг ўзида, ўша куни, ўша сонияда у билан алоқани уздим.
Инсонларга ёқиш ҳақиқатан ҳам кўп мушкул иш. Кўп ғайрат, кўп ҳаракат, интилиш тақозо этади бу. Аммо буларнинг ҳаммаси айни вақтда бор куч-қувватингни, ғайратингни сарфлаш демакдир. Қанча куч-қувват сарфлаган бўлсанг-да, уларнинг назарида заррача қадр-қимматга эга бўла олмайсан…
Ўйлайманки, улар ҳам бор кучимизни сўриб, ёнимизда борини сарфлаб чарчамасалар керак. Тугаб-битишимизни истамасликлари эса – биздан фойдаланишда давом этишни хоҳлаганлари учун бўлса керак.
Ичимдаги овоз доим мени огоҳлантиради, энг мушкул пайтларимда ҳам сўзлашдан тўхтамайди:
«Бу ҳаётда кўп нарсани кўрдик, бошдан кечирдик, ҳеч нарса бизни енгиб, йиқа олмади.
Булар йиқармиди?
Кўп қийин бўлади!»
Чўнтагимда бор-йўғи бир неча чақа қолган вақтлари ҳам остонасига борар, сени севаман дер ва уйимга пиёда қайтар эдим. У менинг ҳолимга қаради дегунча юз-кўзимда истеҳзоли табассум пайдо бўларди.
Майли, бу муҳим эмас…
Мен шунда ҳам табассумимдан воз кеча олмайман. Ҳаёт гўзалликларига ишонишдан асло чекинмайман.
Муҳими – севмоқ, севилмоқ, ҳаракат қилмоқ. Бошқаси шиширилган пуфак. Қанчалик юқорига кўтарилмасин, барибир ёрилади, албатта, ёрилади…
Мен чин туйғуларни ахтаришдан ва бир куни ўша туйғуларни топишдан асло воз кечмайман.