Катта хонадон 1. Салом Муҳаммад
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Катта хонадон 1 - Салом Муҳаммад страница 41
Онаси телевизор кўриб ўтирган экан, ўғлининг, ортидан келини кириб келишидан ажабланган каби бурилиб қаради. Тўғри, бунақа келишлар янгилик эмас. Баъзан ойнаи жаҳонда тузукроқ фильм, машҳур артистлар консерти бўлганда, камёброқ таом қилинганда, бирор жиддий масала ҳал этилганда оила аъзолари жамланадилар. Эрталабги воқеадан кейин келини тўнини тескари кийиб олдимикан? Худо сақласин-а!
Уйда отаси йўқлигидан қувониб кетган Босит:
– Яхши ўтирибсизми, онажон? – дея волидаси ёнига борди.
Онаси ҳанг-манг. Ўғлида бунақа одатни, бунақа сўрашишни аввал кўрмаган, шунчаки оддий гап-сўзлардан нари ўтишмаган.
– Офтоб қаёқдан чиқди, бачам? – онанинг кўзлари ёшландию ўғли ортида салгина жилмайиб, ярим хавотирли ҳолатда турган келинига нигоҳ ташлади.
– Кеча сизни хафа қилиб қўйдимми, онажон?
– Хафа?.. – онаси бошини эгди. Ўша дамда ўғлидан хафа бўлганини, кейин атайлаб қилмади-ку, деган ўйда буни ёдидан чиқарганини эслади. – Билмай қилдинг, а?
– Ҳа, нима қилганимни ўзим ҳам билмийман, мана бу айтди, – у хотинига ишора қилди. – Шу ростми?
– Ҳа, рост. Хайрият бирор нимага урилмадим.
– Мени кечиринг, онажон.
– Ўша нарсани ичмасанг, оғзингга олмасанг, кечирганим бўлсин, бачам.
– Майли, ичмасликка ҳаракат қиламан, – дея Босит қўлидаги қоғоз халтани онасига тутқазди. – Манг, келинизни сизга буюртмаси.
Ҳилоланинг дилига қувончга ўхшаш ёқимли туйғу қуйилди, ютиниб қўйдию кўнглида дарҳол ўзини айблади: “Ҳа, ёқмай қолсин…”.
– Мен айтмадим, ўзлари, – дея эрининг гапига тузатиш киритди.
– Нимайкан бу? – онаизор халта ичига қўл тиқиб, мева ҳамда бошқа ширинликларни олди. – Вой, раҳмат, бачам, сизгаям раҳмат, келинжон. Ҳозир чой қўяман.
– Қўзғолманг, ойижон, мен ўзим, – деб Ҳилола ошхона сари ўтди, Босит онасининг ёнига чўкди…
18. ТИКАНЛИ ЙЎЛЛАР
Умид палакларида гул кўринди: она хурсанд – шояд шу келингинаси туфайли ўғли ёмон дарддан қутилса; оилага файз кирса. Бу воқеани эшитиб, отанинг ҳам кўнгли хотиржам тортди, хайрият, деганча мукофотига “юзта оқидан” отиб олди. Буни қайнанасидан эшитиб, Ҳилола кулгандай бўлдию миясида зид фикрлар уйғонди: “Майли, қувонинг, дадажон. Аммо қувончнинг давомли йўлларини изламайсизми? Уни арақ билан мустаҳкамладизми? Афсус. Оиладаги вазият илдизга, ўзизга бориб тақаларкан-да. Шу ёшдаям ифлос нарсадан қутулмагансиз-а? Афсус, илдизга қурт тушган экан-да…”
Бу ўйлар ўйлигича, тишдан ташқарига чиқмай қолаверди. Иложи ҳам йўққа ўхшарди. Қайнатасига у бунақа гапларни айтолмайди. Қайнанаси-ку, эрига ғоят итоаткор, унинг буйруғини бажарувчи, шунчаки хизматини ижро этувчи мушфиқа аёл. Ҳатто болаларига ҳам сўзи ўтавермайди баъзан.
Юз берган воқеалардан Ҳилоланинг кўнглида, булут орасидан мўралаган Ой янглиғ салгина ёруғлик пайдо бўлди, холос. Аммо булутлар ниҳоятда