Катта хонадон 1. Салом Муҳаммад
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Катта хонадон 1 - Салом Муҳаммад страница 38
![Катта хонадон 1 - Салом Муҳаммад Катта хонадон 1 - Салом Муҳаммад](/cover_pre1233922.jpg)
Бир марта онаси ошқозони оғриганида мумиё ичганини у кўрган. Ўша дори туфайли онаизорининг аҳволи анча енгиллашган, ҳатто соғайиб қолган эди. Босит ҳам бунга эҳтиёж сезибдимикан? Наҳотки унинг ошқозонида касаллик бор?
Ҳилола костюмни қўлида кўтарганча, ўзи мумиё фаҳм қилган дорини тутганча нарироқ юрди. Шу топда уйдан чиққан қайнанасини кўриб:
– Ойижон, ўғлизни ошқозони оғрийдими? – деб сўради.
– Йўқ, ошқозони соппа-соғ, – қайнанаси ҳайрон қолган каби келинига яқинлашди. – Нимага ундай дейсиз? Ошқозони оғрибдими?
– Манави дорига бир қаранг, мумиёга ўхшаёпти. Онам раҳматли ошқозонлари оғриганда шунга ўхшаганини ичувдила.
Қайнанаси келини қўлидаги тугунчани олгач, кўзларини юмганча бир нафас қотди-қолди, сўнг:
– Вой жувонмарг бўлмагур-а, – дея бошини тебратди. – Яна ичибди-да, аҳмоқ.
– Нима ичибдила, мумиёми?
– Соддамисиз, келин, бу – қорадори-ку?
– А? – Ҳилола довдираб, йиқилаёзди, қўлидаги костюм ерга сирғаниб тушди, аммо буни у пайқамади. Бир лаҳзанинг ичида бор дунёси зулмат қаърига чўкиб, боши айланди. Қайнанаси бу хабарни бехосдан айтганига пушаймон бўлиб, келини билагидан тутиб қолди.
– Балки ичмагандир, – Ҳилолани яна тинчлантирмоқчи бўлди аёл, – сотиш учун олгандир.
Ҳилола кўзларини юмганча, индамай бош чайқади. Тундаги воқеалар, унга эрининг пичоқ ўқталишлари, ичиш хусусидаги гаплари хаёлида бир-бир жонланди. У қорадорини мутлақо хаёлига келтирмаган, арақ уни шу кўйга солган, деб ўйлаган эди. Қорадори ҳақидаги ваҳшат гўёки бутун вужудини остин-устун қилиб юборган, юрагини қиймалаб, тилка-пора этгандай…
– Сизга нима бўлди, келинжон? – қайнанаси унинг қўлларидан тутиб, ичкарига олиб киришга уринди. Ҳилола бош тебратгач, зинага ўтирғизди. Келиннинг юзлари оппоқ оқарган эди. – Сув ичасизми?
Ҳилола яна бош тебратди.
– Энди ичмаса керак, қўрқманг, келин, – қайнана яна келини кўнглини кўтаришга, уни ишонтиришга уринди. – Сизни жуда яхши кўради…
Келиндан ҳамон бирор фикр, бирор сас чиқмас, гўё ўз ёғига ўзи қоврилар, сўзга тили келмас, нуқул бош тебратар эди. Ниҳоят:
– Ичган… ичган… – пичирлади у. – Ҳаммаси тамом, ҳаммаси барбод…
– Ундай деманг, келинжон, умидли дунё. Уни ҳаммамиз ўртага