Катта хонадон 1. Салом Муҳаммад
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Катта хонадон 1 - Салом Муҳаммад страница 37
– Ичмийман девдиз… Гапизда турмабсииз. Ёлғончи… – Ҳилола юзини тескари буриб, нозли аччиқланган бўлди. Бироқ эридан аввалгилардай арақ ҳиди эмас, қандайдир у англамаган, олдин бурни илғамаган ғалати ис сезди. Қизиқ, нима экан бу, а?
– Қачон девдим?
– Яқинда-я, эсиздан чиқдими?
– Менга танбеҳ беропсанми? – шу заҳоти у чўнтагидан пичоқ олиб, Ҳилолага ўқталди. – Жа тилинг бурро-бурроми?
Ҳилола қўрқиб, кўзлари ярқ очилди. Аммо қўрқувни сездирмасликка уриниб, фикрини равон ифодалади:
– Йўқ, танбеҳ эмас, ўзиз энди оғзимгаям олмийман девдиз.
– Хоҳласам ичаман, хоҳламасам – йўқ, шуни билиб қўй, хотинча! – Босит энди пичоқ орқасини аёлининг оппоқ бўйнида секин сирмади. Ҳилола сесканса-да, ўзини йўқотмади. Негадир ҳозир ўлим унинг учун қўрқинчли эмасдай туюлди. Босит пўписа қилиб, уни шунчаки қўрқитмоқчи бўлганга ўхшарди.
– Фойдаси бўлса, ичинг, азобини сиз тортасиз, – деди Ҳилола бепарво. – Менга нима?
– Шунақами? Сенга фарқи йўқми? – у яна пичоқни ўйнатиб, хотини юзу кўзлари атрофида юритди. У маст бўлиб – мастга, соғ бўлиб – соғга ўхшамасди. Сўзларида ҳам чалкашлик сезилмас эди. – Мени севмайсан, а?
Ҳилола қовоғини ўйди, лекин жавоб қайтармади.
– Нимага индамийсан? Дониёрни соғиндингми?
– Ўшанга тегсам бўларкан, – деди у хотиржам овозда. – У мени бунча қийнамасиди.
– Хай, нимага унга тегмадинг? – Босит кўзлари косасидан чиққудай чақчайиб, бошини унинг тумшуғига яқин олиб келди. – Ростини айт.
– Сизга текким келган экан-да, нима қилай…
– Ростданми? Мени қаёқдан билардинг?.. Йўўқ, сираям билмасдинг, ҳатто учрашувгаям чиққинг келмади. Жаҳл устида менга теккансан.
– Пичоқни ташланг ёки менга суқинг, – деди Ҳилола дадил. – Мақсадизни айтинг.
– Мақсадим? – Босит каловланди. – Сени севдириш. Мени севишингни истайман.
– Пичоқ биланми? – Ҳилола эрининг кўзларига тик қаради, Босит пичоқли қўлини пастга туширди.
– Пичоқми? Пичоқ рост гапиришга мажбур қилади, билдингми?
– Нимани ёлғон гапирибман?
– Менга нимага текканингни. Мен оддий кўнадўз, пойафзал тозаловчиман, чиройли эмасман, бойлигим йўқ. Сен ўқимишлисан. Ҳайронман, нимамга қизиқдинг.
– Сизга аввал айтувдим, отамга ихтиёримни қўювдим.
– Хай, унда айт: Дониёр яхшими ёки мен?
– Энди билдим – Дониёр яхшийкан…
– Ўлдираман! – у Ҳилолага яна ташланди. – Ўша Дониёрниям топиб, ўлдираман!
– Ҳоо, сизни ўлдирмайдиларми? – Ҳилола қўрқмаганини намойиш этиб, бепарво кулди. – Кейин сизниям ўлдирадилар.
– Мазах қилма, – дедию у ўз кўкрагига муштлаб, йиғлашга тушди.
Ҳилола эрига энсаси қотиб қаради, ҳафсаласи пир бўлди. Онасининг вафот кунида акаларининг йиғлаганини кўрган, холос. Ўшанда отаси ҳатто кўзларидан ёш чиқазмаган.