Катта хонадон 1. Салом Муҳаммад
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Катта хонадон 1 - Салом Муҳаммад страница 39
– Кўп ҳаддиздан ошманг! – Босит ўшқириб, бутун вужудини титратди. Онаси ҳайиқиб, бир қадам тисарилди, кўзлари ёшга тўлди. Бироқ йиғлашдан тийилиб, ўғлига қаҳрини сочишдан қайтмади:
– Ҳаддимдан ошсам, урасанми, жувонмарг?
Босит индамай онасига бақрайиб тураверди.
– Энди одам бўларсан, деб ўйловдик, яна ўша ахлатдан ютибсан, жувонмарг…
– Ичганим йўқ, туҳмат қилманг, – энди у сал юмшади ва тез ўзгариб, хотинига хезланди. – Сен шундай деб айтдингми, сотқин?
– Ана, кўзинг айтиб турибди. Турқингга қараган кишининг кўнгли озади! – деди онаси аламангиз овозда. – Бировни гулдай фарзандини шу ниятда келин қилувдикми, жувонмарг? Акалари эшитса, уларга қайси кўз билан қараймиз?
– Акаларини осдим! – Босит қўлини арра қилиб, томоғидан тортди. – Акалари менга ҳеч нима!
17. ҚАЛТИС ЖАВОБ
Ҳилоланинг миясига қон тепди: юзлари чўғдай ёниб, киприклари пир-пир учди. У оғайниларидан бирортасига гард юқишини, бу можаролар уларнинг қулоқларига етиб, безовта қилишини мутлақо истамас эди. Акаларию опалари учун у ўзини қалқон қилишдан қайтмаслигини ўзи яхши биларди. Аммо ҳозир ўзи ила бир ёстиққа бош қўймиш жонивор нималар деб валдираётир…
– Акаларимга тил тегизма, – деди у ниҳоят паст, нафратли овозда. – Улар ҳеч кимни нонини тортиб олиб, еганлари йўқ. Ҳеч кимни бошини ёрмаганлар ҳам.
Жавоб ўринли эса-да, қалтислиги ҳам йўқ эмас эди. Ҳилола қалтислигини ўйлаб ҳам ўтирмади. Умуман, ўзбек хонадонида эрни сенсираш жоиз эмаслигини, бу қилиқ яхшилик келтирмаслигини у кўп марталар эшитган. Шу билан бирга адолатсизлик юз берганда ўзини тутолмаслик одати ҳам борлигини тан олади. Ҳозир ҳам шундай вазият юзага келди, чамаси.
Босит кўзларини чақчайтириб, тишларини ғижирлатиб:
– Нима дединг? – дея ўрнидан сакраб туриб, хотини томон бостириб кела бошлади. Шу топда у қутурган қоплонни эслатарди. Бундай ҳолат аввал ҳам рўй берган: бир мартасида Ҳилола қайнанасининг уйига қочиб кириб, қутулган, бошқа бир сафар калтак зарбидан қовоқ, кўзлари кўкарган, чаккасида шиш пайдо бўлган, оқибатда икки кун ҳовлидан ташқарига чиқмаган эди. Энди нима қилсин? Яна қочсинми? Қаёққа?.. Йўқ, энди ундай қилолмайди. Қорни ҳам қаппайган…
Майли, нима бўлса бўлар, қимирламай тураверади. “Қоплон” эса бир-бир босиб, тишларини қайраб, яқинлашяпти. Ҳилола англадики, эри унинг қочишини истаяпти, лекин ўлжа рангги оқарганча қотиб, нафрат ила кўз қадаб турибди. Бундан Босит бадтар ғазабландию муштини ҳаволатиб, аёлининг бошини мўлжаллади. Аммо мўъжиза юз берди – онаизор шиддатли отилиб, ўртага ташландию мушт унинг елкасига тушди. Кампир беихтиёр чинқириб юборди:
– Илоё жувонмарг бўл…
Яхши гапга ҳам, ёмонига ҳам – дуою қарғишга ҳам фаришталар омин деяркан. Онаизорнинг қарғиши фаришталар қулоғига етиб борган бўлса, не ажабки…
Ҳилола ҳам ўзини тутиб туролмади:
– Аблаҳ, ифлос… – деган сўзлар